Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш (факторинг) муносабатларини ривожлантиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаш (факторинг) операцияларини тартибга солувчи асосий нормалар Фуқаролик кодекси билан тартибга солиб келинмоқда. Бироқ амалдаги нормалар факторинг муносабатларини амалга ошириш ва тартибга солиш юзасидан мазкур соҳанинг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда. Бу эса ўз навбатида, мамлакат молия бозорида фақатгина факторинг фаолияти билан шуғулланувчи алоҳида молия институтининг мавжуд эмаслиги тадбиркорлар ва инвесторлар томонидан факторинг бозорига инвестиция киритилмаётганига сабаб бўлмоқда.
Шу муносабат билан, Ўзбекистонда факторинг муносабатларини ривожлантириш мақсадида қонун ҳужжатлари, хусусан, Фуқаролик кодексига ва бошқа қонун ҳужжатларига халқаро тажрибадан келиб чиқиб бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистонда факторинг муносабатларини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари нормалари халқаро тажрибага мувофиқлаштирилиб, факторинг хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилишига хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА