Бугунги кунда кўплаб фуқароларимиз ўз мақсад ва режалари йўлида банклардан кредит олиб, фойдаланмоқда. Аммо кейинги вақтларда фирибгарлик йўли билан фуқаролар хабарисиз кредит маблағларини уларнинг номига расмийлаштириш ва мазкур кредит маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари ортиб бормоқда.
Бу каби ҳолатлар, ўз навбатида, фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда кредит олишдан воз кечиш механизмини жорий этишни тақозо қилмоқда. Шу мақсадда ишлаб чиқилган кредит соҳасидаги муносабатларни янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг бугунги мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мазкур лойиҳа бўйича Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев маълумот берди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битимини расмийлаштириш билан боғлиқ фирибгарликларнинг олдини олиш мақсадида кредит бюросига ариза киритиш орқали у билан кредит битимини тузишни тақиқлаши мумкин бўлади.
Мазкур лойиҳанинг қабул қилиниши фирибгарлик йўли билан фуқароларнинг хабарисиз кредитларни уларнинг номига расмийлаштириш ва мазкур кредитларни ўзлаштириш ҳолатларининг олдини олишга, шунингдек, кредит бюролари фаолиятини тартибга солишни такомиллаштиришга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА