Корея Республикаси Адлия вазирлиги давлат раҳбари Юн Сок Ёлга мамлакатни тарк этиш тақиқлангани ҳақида хабар тарқатди.

“Рёнхап” агентлиги ёзишича, мазкур қарор Президентга нисбатан тергов жараёни, жумладан ўтган ҳафта эълон қилинган ҳарбий ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармон туфайли давлатга хиёнат бўйича айблов янграгани билан боғлиқ.

Тегишли тақиқ ҳақидаги буйруқ адлия вазири томонидан Юқори мансабдор шахсларга нисбатан коррупция бўйича тергов бошқармаси (CIO) сўровига асосан расмийлаштирилган.

Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль чоршанбага ўтар кечаси мамлакатни “шимолпараст (КХДР назарда тутилган – таҳририят) кучлардан тозалаш ва либерал конституциявий тузумни асраш” мақсадида ҳарбий ҳолат эълон қилди. Ушбу қарор мухолиф Демократик партия томонидан парламентнинг бюджет қўмитасига киритилган “Бюджетни қисқартириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва давлат аудитори ва бош прокурорга нисбатан импичмент эълон қилиш таклифи маъқулланиши ортидан чиқарилди.

Мухолифат айни пайт Президент, мудофаа вазири Ким Ён Хён, ички ишлар ва хавфсизлик вазири Ли Сан Мин, шунингдек давлат тўнтаришига уриниш сифатида баҳоланаётган воқеанинг бошқа иштирокчилари – бир қатор ҳарбийлар ва полиция ходимларига нисбатан айблов илгари сурилишини билдирган.

Шанба куни бўлиб ўтган Корея Республикаси Миллий кенгаши йиғилишида Президент Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилиш таклифи етарли даражада қўллаб-қувватланмади. Яъни, ушбу қарор учун зарур бўлган 200 нафар эмас, балки 195 депутат қўл кўтарди. Айтганча, овоз бериш жараёнида парламентда 108 ўринга эга ҳукмрон “Фуқаролик кучи” партиясининг аксар аъзолари қатнашмаган.

11 декабрь куни парламентнинг навбатдан ташқари сессияси очилиши кутиляпти. Мажлисга яна бир бор импичмент лойиҳаси тақдим қилинади. Овоз бериш жараёни 72 соат мобайнида ўтказилиши шарт.

Ғ.Хонназаров, ЎзА