Туркиянинг Истанбул университетида Қорақалпоқ халқининг буюк шоир Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигига бағишланган “Маънавий олам куйчиси” мавзусида амалий конференция бўлиб ўтди.

Тадбирда “Турксой” халқаро туркий маданият ташкилоти бўлим бошлиғи Санжар Мўлазимўғлу, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Расул Зарикеев сўзга чиқиб, ўтказилаётган тадбирнинг аҳамиятига кенг тўхталди.

Шунингдек, Истанбул университети ва Қорақалпоғистондан ташриф буюрган олимлар сўзга чиқиб, буюк шоирнинг адабий мероси, унинг туркий халқлар адабиёти ва маданиятида тутган ўрни ҳақида маърузалар қилишди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 июлдаги “Атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ва унинг ЮНЕСКОнинг халқаро юбилейлар режасига киритилгани қалбларга фахр туйғуларини бахш этмоқда.

Дарҳақиқат, халқимиз тарихи ва адабиётида ўчмас из қолдирган Ажиниёз Қўсибой ўғли келажак авлодлар, адабиёт ихлосмандлари учун бебаҳо мерос қолдириб кетган буюк сўз заргари, донишманд шоирлардан саналади. Унинг меросини кенг жамоатчиликка, дунё халқларига яқиндан таништириш борасида жорий йилнинг ўзида кўплаб тадбирлар амалга оширилди. “Ажиниёз” операси қайта саҳналаштирилди, “Ажиниёз” бадиий-публицистик фильми суратга олинди, Нукус давлат педагогика институтида шоирнинг музейи ташкил этилди. “Сўзла булбул забоним” номли халқаро конференция ўтказилиб, Тошкент шаҳрида шоирнинг юбилейи кенг нишонланди.

Анжуманда туркиялик ёшларга туркий халқларнинг ҳам буюк шоири ҳисобланган Ажиниёз Қўсибой ўғлининг ижоди таништирилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири