Халқаро жиноят суди ҳақида билган, билмаганимиз
Халқаро жиноят суди (ХЖС) 2002 йил Нью-Йоркда имзоланган Рим низоми асосида ташкил этилган халқаро тузилма – Халқаро жиноий суд (ХЖС)нинг асосий мақсади жаҳон миқёсидаги энг оғир, жумладан геноцид, инсониятга қарши қаратилган ҳамда уруш жиноятларини тергов ва суд қилишдир.
ХЖС тарихи ўтган аср ўрталарига тақалади. Иккинчи жаҳон уруши охирида Нюрнберг ва Токио судлари фаолияти асосида илк бор халқаро жиноятчиликка қарши кураш тизими шакллантирилди. Тўғри, мазкур муваққат судлар чиқарган ҳукмлар фақат муайян даврда амал қилган.
1998 йил Римда ўтказилган Халқаро конференцияда Рим низоми қабул қилинди ва бу ҳужжат ХЖС тузилишида муҳим аҳамият касб этди. 2002 йил 1 июлда махсус Низом кучга кирди ва суд ўз фаолиятини бошлади.
Халқаро жиноят судининг асосий вазифалари қуйидагилар:
1. Жиноятчиларни жазолаш. Турли давлатлардан тушган шикоятлар асосида жиноятчиларни суд қилади.
2. Тергов олиб бориш. Суд ўз ваколати доирасида тергов амалга ошириши мумкин.
3. Адолатни таъминлаш. Жиноятчиликка қарши курашда адолатни таъминлайди, жабрланувчилар ҳуқуқини ҳимоя қилади.
ХЖС иш юритуви асосан давлатлар томонидан тақдим қилинган шикоятларга асосланади. Ҳозирги кунга қадар тузилма бир неча муҳим ишни, хусусан Россия – Украина ва Фаслатин – Исроил зиддиятларига оид жиноятларни кўриб чиққан.
Афсуски, кейинги пайт ХЖС фаолиятида айрим камчиликлар ҳам сезилмоқда.
– Сиёсий низо. Баъзи давлатлар ушбу халқаро ташкилотга киришдан бош тортди ёки тузилма таркибидаги, масалан АҚШ ва Россия сингари мамлакатлар аъзолигини бекор қилди. Бу ҳолат суднинг юридик кучи ва фаолияти самарадорлигини камайтирди.
– Ресурс етишмовчилиги. Молиявий ресурси чеклангани сабабли, ХЖС учун самарали иш олиб бориш қийинлашмоқда.
– Жиноятчиларни ушлашдаги қийинчиликлар. Кўпинча жиноятчилар муайян ҳуқуқ тизимидан фойдаланиб, жазодан қочишга муваффақ бўлмоқда.
– Суд жараёни узоқ чўзилиши. Айрим ишлар жуда узоқ давом этиши ортидан жабрланувчилар қўшимча руҳий босим остида қоляпти.
– Адолат тушунчасига нисбатан тафовут. Турли маданиятлар ўртасидаги фарқ туфайли адолат тушунчаси ҳар хил талқин қилиниши мумкин.
Аслида Халқаро жиноий суд давлатлараро ҳуқуқ тизимини мувофиқлаштиришда муҳим ўрин эгаллайди, дунё миқёсида оғир жиноятларга қарши курашиш учун зарур ва муҳим восита ҳисобланади. Фақат тузилманинг сўнгги пайтдаги фаолияти туб ислоҳотга муҳтождек, ХЖС доирасида қатъий меъёрлар ўрнатилишига зарурат етилгандек. Демак, келгусида суднинг самарадорлигини ошириб, глобал адолатни таъминлаш жараёнига ҳисса қўшиш учун мамлакатлар ва минтақалар ўртасидаги ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш лозим. Фақат шу тарзда халқаро жиноятчиликка муносиб қарши туриш мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА шарҳловчиси