Китобсеварларга уюшма туҳфаси

310

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва уюшманинг Қорақалпоғистон бўлими томонидан Нукус шаҳридаги Президент мактабида “Китобсевар миллат” шиори остида “Китобхон болалар” ва “Дунё даҳолари” рукнида чоп этилган ўн турдаги жаҳон ҳамда ўзбек адабиёти намуналари, халқ эртаклари жамланган китобларнинг навбатдаги тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ахборот-кутубхона маркази, Қорақалпоғистондаги шаҳар-туман ахборот-кутубхона марказлари, Республика Болалар кутубхонаси, Ибройим Юсупов номидаги ижод мактаби, ҳудудий ихтисослаштирилган мактабларнинг кутубхона масъуллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ўқувчилар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов, “Янги Ўзбекистон” – “Правда востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров, Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов сўзга чиқиб, юртбошимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг тўртинчиси – ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда китобхонликни кенг тарғиб қилиш Ватанимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишнинг муҳим шартларидан экани ҳақида сўзлади.

Тадбир якунида Қорақалпоғистон Республикасидаги ахборот-кутубхона марказлари, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга 10 номдаги 730 дона китоб совға қилинди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА