Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида янги Олимпия даврига муносиб тайёргарлик кўриш, мамлакат олимпия ҳаракатини изчил йўлга қўйиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов, Осиё олимпия кенгаши вице-президенти, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Қўмита бош котиби Ойбек Қосимов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Тошматов, Спорт вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитаси масъуллари иштирок этган йиғилишда зарур вазифалар белгилаб олинди.
Таъкидланганидек, Миллий олимпия қўмитаси фаолиятини тизимли такомиллаштириб бориш, унинг мақсадли ва натижага йўналтирилган иш режаси асосида самарали фаолият юритиши кўриб чиқилди.
Миллий олимпия қўмитаси мутасаддиларининг ўз йўналишларидан келиб чиққан ҳолда қисқа, ўрта ва узоқ муддатли иш режаларини шакллантириш, тегишли вазирликлар, ҳудудий ҳокимликлар, федерация ва ассоциациялар билан ҳамжиҳатликда вазифаларни ҳал этиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, йўлга қўйилган халқаро ҳамкорлик алоқаларида самарадорликка эришиш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокамалар якунида Ўзбекистон спорт делегациясининг «Милан-Кортина-2026» қишки Олимпия, «Аичи-Нагоя-2026» ёзги Осиё ва «Лос-Анжелес-2028» ёзги Олимпия ўйинларида муносиб натижаларга эришиши учун тайёргарликни янги босқичга олиб чиқиш, бир қатор спорт турлари бўйича терма жамоаларнинг машғулотларига алоҳида эътибор қаратиш, зарур шарт-шароит яратиш, малакали мутахассисларнинг таклифларини ўрганиб чиқиш каби бир қатор устувор мавзулар борасида таклифлар илгари сурилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА