Туркиянинг “Ostim” саноат зонаси бошқаруви кенгаши раиси Ўрхон Ойдин бошчилигидаги компаниялар вакилларидан иборат делегация мамлакатимизда бўлиб турибди. Мазкур ташриф давомида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон – Туркия бизнес форуми ҳамда B2B форматидаги учрашувлар, Ўзбек-Турк саноат зонаси 1-босқичининг очилиши маросими ҳам ўтказилади.
Бизнес-форумда икки мамлакат вазирлик, идоралари, тармоқ уюшмалари раҳбарлари, 200 дан ортиқ йирик ишлаб чиқариш компанияси вакиллари, экспертлар иштирок этди.
Бундай форумлар тадбиркорлар учун қўшимча имконият яратиш, истиқболли йўналишларда янги лойиҳалар амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Туркия Ўзбекистоннинг асосий стратегик ҳамкорларидан биридир. Сўнгги 5 йилда ўзаро савдо алоқалари ҳажми 1,3 баробар ошди. Давлат раҳбарлари топшириғига биноан, савдо кўрсаткичини 5 миллиард долларга етказиш йўлида барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Айни пайт қўшма корхоналар сони 1900 тага етган. Ўтган йил иқтисодиётимизга турк инвестицияси асосида 1,2 миллиард долларлик сармоя киритилди.
Жорий йил 6 ноябрда Туркий давлатлар ташкилоти доирасида рақамли иқтисодиёт бўйича шериклик битими имзоланди.
Турк компаниялари вакиллари ўзбекистонлик ҳамкорлар билан алоқани ривожлантиришдан манфаатдор экани, минтақа иқтисодиётига сармоя киритишга тайёрлигини билдирди. Томонлар қўшма корхоналар ташкил этиш, саноат соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболини муҳокама қилди.
– Нафақат сармоя киритиш, балки кўп йил давомида тўплаган бой тажрибани баҳам кўриш ҳам муҳим, – дейди Ўрхон Ойдин. – Ўзбекистон – Маълумки, “Остим” шунчаки саноат зонаси эмас, балки мудофаа, овчилик, энергия каби турли соҳаларнинг биргаликдаги экотизимидир. Ишонаманки, бу модел Ўзбекистонда намунали дастурга айланади, ҳамкорлигимиз Туркиядаги бошқа савдо-саноат тузилмалари учун намуна бўлади. Биз қонун доирасида барча мажбуриятларни бажаришга тайёрмиз.
Сўзга чиққанлар – Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар, Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Нажмиддинхўжа Шарипов, Анқара вилояти ҳокими ўринбосари Жихангир Гулер, Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов 2023 йил 15 декабрда Президент Шавкат Мирзиёев қарорига биноан Тошкент шаҳрида “Остим” Глобал лойиҳа ва технология акциядорлик жамияти ихтиёрига берилган 100 гектар майдонда Ўзбек-Турк саноат зонаси барпо этилаётгани, ҳамкорликда умумий қиймати 1,2 миллиард долларлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилаётгани таъкидланиб, 200 минг иш ўрни яратилиши мўлжалланаётганига тўхталди. Ишбилармон доира вакиллари мазкур ҳамкорлик лойиҳасига жиддий қизиқиш билдирди. Бу жараёнда юртимизга таклиф қилинадиган Туркиянинг 1000 га яқин компанияси учун зарур шароит яратилиб, жаҳон стандартига мос тарзда иш олиб бориш имкони яратилади.
Конференция Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстона муносабатни мустаҳкамлаш, икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.
Жеват Дюндар ва бир гуруҳ тадбиркорлар томонидан 1967 йил асос солинган “Остим” Анқарадаги етакчи саноат зоналаридан бири сифатида танилган. Мажмуада 139 йўналишда 6200 дан зиёд корхона фаолият олиб боради. Мудофаа, авиация, темир йўл тизими, тиббиёт, бизнес ва қурилиш техникаси соҳаларида ихтисослашув, алоқа, энергетика ва резина технологиялари, тўқимачилик ва чарм-пойабзал, автомобилсозлик, металлга ишлов бериш, кимё саноати, электротехника ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, матбуот каби йўналишларда 60 мингдан ортиқ ходим ишлаб келмоқда.
B2B учрашувларидан сўнг икки мамлакат ишбилармонлари Ўзбек-Турк саноат зонасини кўздан кечиришди.
Муҳаррама Пирматова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА