Пойтахтимиздаги Шахмат академияси мажмуасида ўтказилаётган “Президент кубоги-2024”нинг 5-тур ўйинларида қайд этилган натижалардан сўнг Жавоҳир Синдоров 4,5 очко билан етакчига айланиб олди.

Ушбу турда Ортиқ Нигматов – Нодирбек Абдусатторов ва Мурали Картикеян – Сарин Нихал қарама-қаршилигидаги баҳсларда муроса йўли танлангани, Жавоҳир Синдоров – Иван Землянский курашида ҳамюртимизнинг ғолибликка эришиши натижасида Синдоров “А” гуруҳида пешқадамга айланиб олди.

Бугун, 26 ноябрь куни нуфузли мусобақанинг 6-турида Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров “дуэли” “Президент кубоги-2024”нинг марказий ўйини сифатида эътибор марказида бўлади.

Шунингдек, эронлик Амин Табатабаи – Ортиқ Нигматов, Сапармурат Атабаев(Туркманистон) – Сарин Нихал(Ҳиндистон), Виталий Бернадский – Саха Нилаш(Ҳиндистон) беллашувлари даъвогарларнинг кейинги имкониятларини белгилаб бериши билан эътиборлидир.

Мукофот жамғармаси 75 минг АҚШ долларидан иборат турнирда 1 нафар шахматчи 4,5, 8 нафари 4, 12 нафари 3,5 очко жамғарган.

Эслатиб ўтамиз, 29 ноябрга қадар давом этадиган “Президент кубоги-2024”нинг “А” гуруҳида 120 нафар, “Б” гуруҳида 132 нафар шахматчи ғолиблик учун дона сурмоқда.

Т.Рўзиев,

ЎзА