Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Aманбай Оринбаев бошчилигидаги делегация Президентимиз топшириғига биноан “Корея Республикаси ва Марказий Осиё ҳудудлараро ҳамкорлик” биринчи форуми доирасида амалий ташриф билан ушбу мамлакатга борди.
Ташриф доирасида дастлаб IТ соҳасида иш олиб бораётган “Acryl” компанияси билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида таълим технологиялари соҳасида мутахассисларни тайёрлайдиган IТ марказларни барпо этиш ва таълим технологиялари соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг, “People & Dream Co., Ltd.” компанияси билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбатлар давомида Қорақалпоғистон ва Корея Республикалари ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик бўйича яқин алоқаларни ўрнатиш ҳамда республика ҳудудида мономарказлар ташкил этиш, шу жумладан, хорижга ишлаш учун кетаётган фуқароларни касбга йўналтириш ҳамда чет тилларига ўқитиш ҳақида сўз борди. Шунингдек, учрашувлар давомида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОИCA) билан ҳам музокаралар олиб борилди. Унда “Орол денгизи фожиаси оқибатларини юмшатиш – Оролбўйи минтақаси учун яшил тикланиш” лойиҳасини амалга ошириш ва бу борада ҳамкорликда ишлаш, табиий офатга чидамли воситалар билан таъминлаш, жумладан, сувни тежайдиган замонавий технологияларни кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Кун давомида Корея Республикасининг бир қатор ташкилотлари билан долзарб масалалар кўриб чиқилди. Бундан ташқари, Корея интернет ва ахборот хавфсизлиги агентлиги вакиллари билан учрашув давомида IТ соҳасини ривожлантириш бўйича музокаралар бўлиб ўтди. Aгентлик томонидан Қорақалпоғистоннинг умумтаълим мактабларига замонавий компьютерлар берилди. “KIDL Co., LTD” компанияси билан ўтказилган учрашувда қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик, шунингдек, Оролбўйи туманларида компания технологиялари асосида замонавий иссиқхоналарни ташкил этиш лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўтказилган учрашувларда қатор манфаатли келишувларга эришилди, муҳим шартномалар имзоланди. Ҳамкорлик бўйича истиқболли лойиҳалар кенг муҳокама этилди.
“Корея Республикаси ва Марказий Осиё ҳудудлараро ҳамкорлик” биринчи форумида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Aманбай Оринбаев сўзга чиқиб, Президентимизнинг алоҳида эътибори билан ишбилармонликни ривожлантириш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш йўналишларида Қорақалпоғистон учун қабул қилинган фармон ва қарорлар, ушбу жараёнда яратилган имкониятлар ҳақида кенг маълумот берди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда яратилиб берилаётган имкониятлар туфайли республикада тадбиркорлар сони ортиб, янги инвестиция лойиҳалари ишга туширилмоқда. Бу галги ўтказилаётган форум ушбу йўналишдаги ишларнинг давоми сифатида яқин шерикликни йўлга қўйишда мустаҳкам таянч бўлади, десак, муболаға бўлмайди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири