ФОТОРЕПОРТАЖ

Нукус шаҳридаги “Мавлуда Озода” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Рашид Сафарниёзов кўп йиллик иш тажрибасига эга тадбиркорлардан. У ўз бизнес фаолиятини 2011 йил умумий овқатланиш хизматини йўлга қўйишдан бошлаган.

Кейинчалик тадбиркор шаҳар ҳудудида жойлашган жами 6 гектарлик ер майдонида фуқаролар учун дам олиш маскани “Аквапарк” ташкил қилган, шу билан бирга балиқчилик ва боғдорчилик соҳаларини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда. Бунинг учун у жами 6 миллиарддан зиёд маблағ сарфлади.

Тадбиркор барпо этган боғда бугун 3 мингдан зиёд мевали дарахт ҳосилга кирган. Балиқчилик тармоғининг умумий 1,5 гектар майдонда жойлашган сунъий кўлида эса йилига 20-30 тонна балиқ етиштириш имконияти мавжуд. Шунингдек, тадбиркор асос солган “Fish House” овқатланиш маскани маҳаллий ва хорижий сайёҳлар билан доим гавжум.

Яратилган имтиёзлардан унумли фойдаланган Рашид Сафарниёзов 100 га яқин ишсиз фуқаро, жумладан, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашга эришди.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА