2025 йил апрель ойида Осака шаҳрида бўлиб ўтадиган бутунжаҳон кўргазмасида инсонлар фойдаланиши учун мўлжалланган кир ювиш машинаси — human washing machine ускунаси намойиши бўлиб ўтади.
Сунъий интеллект ўрнатилган бундай махсус ванна биринчи марта 1970 йилда Япония бўлиб ўтган Жаҳон кўргазмасида намойиш этилган машҳур машинанинг модернизация қилинган версиясидир. Янги қурилма душ тизимларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Science Co” компанияси томонидан ихтиро қилинган.
“Science Co” директори Ясуаки Аояма сўзларига кўра, «ювинтириш жараёни» ўртача 15 дақиқа давом этади. Фойдаланувчи реактив самолёт кабинасини эслатадиган шаффоф капсулага ўтиради. Махсус тизим капсулани илиқ сув билан тўлдиради, ценсорлар қулай ҳароратни таъминлаш учун юрак уриш тезлиги ва бошқа кўрсаткичларни ўлчайди. Сунъий интеллект эса фойдаланувчининг ҳолатини таҳлил қилади ва машинадаги одамнинг дам олиши учун тинчлантирувчи тасвирларни экранда намойиш қилади.
«Инсонларни юнтириш учун келажак кир ювиш машинаси»деб номланган ускуна Осака соғлиқни сақлаш павильонига ўрнатилади. Кўргазмага ташриф буюрувчилар уни синовдан ўтказишлари мумкин. Яқин келажакда мазкур машинадан уй шароитида фойдаланиш учун ишлаб чиқариш режалаштирилган. Кўргазма давомида ташриф буюрувчилар кунига 7-8 марта «кир машинаси»дан фойдаланиши мумкин бўлади.
Мадинабону Насриева, ЎзА