ЖамиятТанлаш

Рўйхатдан ўтинг
09:36 / 26.11.2024

“Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририятининг yuz.uz сайти Ўзбекистон ҳамда жаҳон янгилик ва хабарларини қорақалпоқ тилида ҳам ёритишни бошлади.

Бу, албатта, аҳолимизнинг қорақалпоқ тилида сўзлашувчи вакилларини тўғри, холис ва расмий ахборотлар, жумладан, мамлакатимизда кечаётган изчил ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар, янги қабул қилинган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар билан таништиришга бўлган яна бир қадамдир.

Шунинг билан бирга бу қорақалпоқ тилининг ривожланиши ва унинг медиа маконидаги ўрнининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Янгиликларни қорақалпоқ тилида ўқиш учун сайт саҳифасининг тепа қисмидаги тиллар орасидан қорақалпоқча танланади ва исталган хабарни бу тилда ўқиш мумкин бўлади.

Ушбу бўлимда сиёсат, иқтисодиёт, фан ва таълим, туризм ҳамда спорт каби бир қанча соҳалардаги долзарб хабарлар бериб борилади.

Бундан ташқари, «Янги Ўзбекистон» газетасида чоп этилган даврнинг руҳини берувчи, залворли ва муҳим масалалар таҳлилига оид мақолаларнинг ҚР_кодини сканер қилиш орқали ўша мақоланинг қорақалпоқ тилидаги таржимасини ҳам ўқишингиз ва ҳавола орқали экскулюзив видеоларни кўришингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, yuz.uz сайти ҳозирги кунда беш тил — ўзбек, рус, инглиз, қозоқ ҳамда тожик тилида ўз фаолиятини олиб боради.