Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 ноябрь куни амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Россия Федерацияси Бош прокурори Игорь Красновни қабул қилди.

Икки томонлама кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Терроризм, экстремизм, кибержиноятлар, коррупция ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳаларида, жиноий активларни қайтариш, сунъий интеллектни жорий этиш ва рақамлаштириш борасида бош прокуратуралар ўртасидаги ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Мамлакатларимиз прокуратура идоралари ўртасида яқин мулоқотни йўлга қўйиш, ўзаро алоқа ва алмашинувларни кенгайтириш, қўшма тадбирлар ўтказиш зарурлиги таъкидланди.