Суд-ҳуқуқ соҳаси фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, уларнинг тажрибасини ёш судьяларга етказиш мақсадида Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси, Қорақалпоғистон Республикаси суди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди ҳамкорлигида “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири ўтказилди.

Видеоконфренцалоқа орқали ўтган тадбирда Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев, суд фахрийлари, Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судья ва ходимлари, уларнинг ота-оналари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим омили эканлиги, талаба-ёшларга одил судлов инсон манфаатлари ҳимоясининг гарови эканлиги тушунтирилди. Шунингдек, “Покланиш палласи” китоби тақдимоти ўтказилди.

Мазкур китоб тақдимотида сўз олганлар, унинг аҳамияти ҳақида гапириб, унда фарзанд тарбияси, инсоннинг ахлоқий қарашлари, давлат ва жамиятда юз бераётган янгиланишларга бўлган муносабат, дахлдорлик ҳисси ва ҳуқуқий давлатнинг муҳим шартларидан бири бўлган қонун устуворлигига оид фикрлар акс этганлигини таъкидлади.

Инсон қадри улуғланаётган юртда бундай учрашувлар ёш судьялар ва суд ходимларини тафаккур қилишга, адолатли ва фақатгина қонунларга мувофиқ пок виждон билан ишлашга, инсон тақдири ва қадри учун янада масъулиятли бўлишга ундайди. Ўзаро суҳбат ва мулоқотда мамлакатимизда инсон омилига юксак эътибор берилаётгани, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан инсон қадр-қиммати, унинг орзу-ниятларини рўёбга чиқаришга имконият яратиб бериш устувор вазифага айлангани таъкидланди.

Суд фахрийлари ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар, ниҳоят нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз дил сўзларини, самимий фикрларини билдирди. Эл-юрт  равнақи йўлида мамлакатимиз раҳбарига яқин кўмакчи, камарбаста бўлиш лозимлиги уч авлодга мансуб юртдошларимиз ўртасида кечган самимий суҳбатларнинг бош  мавзусига айланди.

Тадбирда ёш авлод вакилларига Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоевнинг  “Покланиш палласи” китоби эсдалик сифатида топширилди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири