Футбол бўйича Осиё қитъасида Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг 6-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Мазкур тур доирасида “А” гуруҳида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафарда КХДР термасига қарши ўйнади.

Лаосдаги “Лао” стадионида ўтказилган ушбу учрашувда футболчиларимиз минимал 1:0 ҳисобида зафар қучди. Ягона голга Аббосбек Файзуллаев 44-дақиқада муаллифлик қилди. Иккинчи бўлимнинг 83-дақиқасида Умар Эшмуродов қўл билан ўйнагани учун қизил карточка билан жазоланди ва дарвозамиз томон пенальти белгиланди. Посбонимиз Ўткир Юсупов эса мазкур 11 метрлик жарима зарбасини қайтарди.

Шу тариқа, Сречко Катанец қўл остидаги терма жамоамиз 3 очкони қўлга киритди.

Қуйида Ўзбекистон терма жамоасининг олдинда турган 4 та ўйини билан танишинг:

20.03.2025: Ўзбекистон — Қирғизистон;

25.03.2025: Эрон — Ўзбекистон;

05.06.2025: БАА — Ўзбекистон;

10.06.2025: Ўзбекистон — Қатар.

Бу гуруҳдаги Қирғизистон ва Эрон термалари баҳси ҳам шиддатли ўтди. Ўз майдонида барча рақибларга қарши кучли ўйин намойиш этаётган Қирғизистон терма жамоаси 2:3 ҳисобида мағлуб бўлган бўлса-да, Эронга қарши юқори савияда ўйин ўтказди. Мазкур тўқнашувда Эронга ғалаба келтирган голларга Меҳди Тареми, Солиҳ Хардани, Сардор Азмун муаллифлик қилган бўлса, мезбонларнинг икки голи Кожо Жоэл томонидан киритилди.

БАА бу турда ўз майдонида Қатарни меҳмон қилди. Кескин ва муросасиз ўтиши кутилган ушбу ўйиннинг 4-дақиқасида мезбонлар вакили Фабио Лима Қатар дарвозасини аниқ нишонга олди. Бунинг натижасида ўйин тизгини буткул БАА футболчиларига ўтди. Ф.Лима 45, 45+5, 56-дақиқаларда рақиб дарвозасини ишғол этди. Яхё Ал Ғассани эса 73-дақиқада жамоасининг 5-голини киритди. Шу тариқа Фабио Лима учун аталган ўйинда БАА Қатарни 5:0 ҳисобида тор-мор этди.

“А” гуруҳида ушбу натижалардан сўнг Эрон 16 очко билан карвонбошига айланди. Ўзбекистон эса 13 очко жамғариб иккинчи, БАА эса 10 очко билан кучли учликни якунлаб берди. 6-турдан сўнг Қатар 7 очко тўплаб, тўртинчи ўринда жойлашган бўлса, Қирғизистон 3 очко билан 5-ўринда, КХДР эса 2 очко эвазига сўнгги поғонада қолди.

“B” гуруҳида яққол фаворит дея эътироф этилган Жанубий Корея 6-турда Фаластинга қарши ўтган сафар учрашувида 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди. Ўйиннинг 12-дақиқасида Зайд Кунбар ҳисобни очди. Орадан 4 дақиқа ўтиб Сон Хён Мин гол уриб, вазиятни тенглаштирди. Қувайт – Иордания термалари беллашуви ҳам 1:1 ҳисобида якунланди. Ироқ эса Ўмон  майдонида 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Қайд этилган натижалардан сўнг, Жанубий Корея 14 очко билан биринчи поғонадаги ўрнини янада мустаҳкамлади. Уни таъқиб этаётган Ироқ очколарини 11 тага етказиб олди ва иккинчи поғонада қолди. 9 очко тўплаган Иордания учинчи поғонага кўтарилган бўлса, Ўмон 6, Қувайт 4 очко жамғариб, 4-5-ўринда жойлашди. Фаластин ҳисобида ҳозирча 3 очко мавжуд.

“C” гуруҳида мағлубият нималигини билмай келаётган Япония сафарда Хитой терма жамоаси билан тўқнашди ва 3:1 ҳисобида зафар қучди. Индонезия эса Марселино Фердинаннинг дубли эвазига Саудия Арабистонини 2:0 ҳисобида таслим этди. Баҳрайн ўз майдонида Австралия билан 2:2 ҳисобида дурангга имзо чекди.

Мазкур терма жамоалар баҳсининг илк дақиқасида Австралия терма жамоаси аъзоси Кусини ҳисобни очган бўлса, 75-77-дақиқаларда Маҳди Абдулжаббор, Маҳди Дарвиш Ҳасан гол уриб, Баҳрайнни олдинга олиб чиқди. Аммо К.Йенги 90+6-дақиқада яна ўзини кўрсатиб, иккинчи голга муаллиф бўлди ҳамда жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.

Гуруҳда 7-турдан олдин Япония 16 очко билан деярли Жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳал қилган ҳолда карвонбошилик қилмоқда. Австралия эса 7 очко билан иккинчи ўриндан жой олди. Индонезия, Саудия Арабистони, Баҳрайн ва Хитой терма жамоалари эса бир хил 6 очко тўплаган ҳолда кейинги ўринларда қайд этилди. Уларнинг гуруҳдаги тақсимоти голлар нисбатига кўра шакллантирилди.

Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг 7-тур учрашувлари кейинги йилнинг 20 март куни бўлиб ўтади.

Маълумот ўрнида: 2026 йилнинг 11 июнь — 19 июль кунлари АҚШ, Канада ва Мексика мамлакатларида бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида 48 та жамоа иштирок этиши белгиланган. Қитъамизга тўғридан-тўғри 8 та, қитъалараро плей-офф ўйинлари орқали эса битта ўрин ажратилган.

Осиё қитъаси учун Жаҳон чемпионатининг 3-саралаш босқичида 18 жамоа ҳар бирида олтита жамоадан иборат учта гуруҳга бўлинди ва улар давра тизимида (уй-сафар) баҳслашади. Ҳар бир гуруҳдан энг яхши иккита ўринни эгаллаган терма жамоа 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тўғридан-тўғри йўлланма олади.

Осиё саралаш гуруҳларидан учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган 6 та терма жамоа якуний босқичда ҳар бири уч жамоадан иборат иккита гуруҳга бўлинган ҳолда давра форматида кураш олиб боради. Осиё плей-офф босқичидан энг яхши икки ўринни эгаллаган жамоалар «ЖЧ-2026» йўлланмасига эга бўлади. Ҳар икки гуруҳдан иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар қитъалараро плей-оффда ОФК номидан иштирок этадиган жамоани аниқлаш учун ўзаро ўйин ўтказади.

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА