Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган COP29 конференцияси доирасидаги тадбирларда Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг рақамлаштириш ва ахборот технологиялари бўйича маслаҳатчиси Бобур Раҳимов бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Тадбир доирасида интерактив мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган форум ташкил этилди. Тадбир давомида соҳа вакиллари халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди. Яшил технологияларни кенгайтириш, илғор бошқарув моделларини ривожлантириш ва давлат хизматларини экологик ҳамда ижтимоий барқарорликка мослаштириш масалаларининг муҳимлиги қайд этилди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, ушбу ташриф Озарбайжон Республикаси Президенти Администрацияси хузуридаги Давлат хизматлари ва ижтимоий инновациялар агентлиги раиси Улви Меҳдиевнинг таклифига биноан амалга оширилди. Мазкур форум Ўзбекистон делегацияси учун халқаро тажриба алмашиш, экологик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашда илғор технологиялардан фойдаланиш йўналишидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун муҳим платформа бўлди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА