Маданий тадбир доирасида ўзбек санъаткорлари иштирокидаги гала-концерт тадбирлари бўлиб ўтди.
Aшхобод шаҳрининг Мақом маркази саройида «Ўзбекистон маданияти кунлари»нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Aҳмедов қардош халқлар ўртасидаги дўстлик алоқалари қадим тарихга эга эканини таъкидлади.
Кечада эътироф этилганидек, ўзбек ва туркман халқлари яқин дўст, аҳил қўшни, стратегик ҳамкор сифатида муштарак мақсадлар билан яшаб келмоқда. Икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг илдизи узоқ тарихга бориб тақалади ва ўзаро ҳурмат, ишонч асосига қурилгани эътиборга молик.
Икки дўст давлатлар ўртасидаги ижтимоий, иқтисодий, маданий-маърифий соҳалардаги алоқаларни янги босқичга кўтариш, ҳамкорликнинг янги йўналишлари ва истиқболларини белгилаган ҳолда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш борасида тарихий ишлар амалга оширилди.
Туркманистонда Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида ўзбек санъат усталари иштирокидаги гала-концерт, амалий санъат кўргазмаси, Ўзбекистон ва Туркманистон ёзувчи ва шоирларининг “Махтумқули Фироғий ва унинг жаҳон адабиёти ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида ижодий учрашув бўлиб ўтмоқда.
Aшхободдаги “Тошкент” боғида концерт дастури, миллий либослар намойиши, амалий санъат кўргазмаси маданий тадбирлари, Туркманистон ҳамда Ўзбекистон санъат усталари иштирокидаги гала-концерт ўтказиш режалаштирилган.
Н.Усмонова, ЎзА