Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи (UNA-OIC) хабар беришича, Қатарда 26-27 ноябрь кунлари Маъмурий назорат ва ошкоралик идораси ташкилотчилигида Коррупцияга қарши курашувчи ҳуқуқ-тартибот вазирлари иккинчи йиғилиши ўтказилади. Мажлис матбуот котиби Абдулваҳоб Солиҳ Ал-Куварий анжуманнинг аҳамияти хусусида шундай деди:
– Коррупцияга қарши кураш энди нафақат процессуал вазифа, балки ҳар бир инсондан талаб қилинадиган масъулиятдир. Энди давлат амалдорлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, фуқаролик жамияти аъзолари ва бошқалар ҳамкорлик қилиши, бирлашиши лозим.
Бўлажак матбуот анжумани ва вазирлар йиғилиши умумий мақсадга эришиш йўлида самарали қадам бўлиб, биз коррупцияга қарши курашни халқлар, миллатлар манфаати йўлида олға силжитадиган тажриба ва амалиёт алмашишдан умидвормиз. Мазкур учрашув Макка конвенциясида назарда тутилган жиноятларнинг олдини олиш, бундай салбий ҳолатларни аниқлаш, тергов қилиш ва жиноий жавобгарликка тортишга кўмаклашиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасида тезкор ахборот алмашинувини таъминлаш мақсадида ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. Бу галги глобал форумга 56 аъзо мамлакатдан Ички ишлар, Прокуратура, Адлия тизими масъуллари, шунингдек Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, Халқаро жиноий полиция ташкилоти (Интерпол) жалб этилди. Анжуманда «Эгмонт» гуруҳи, Халқаро аксил коррупция академияси, Жаҳон банки, Араб давлатлари лигаси, Араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Бош котибияти, Кўрфаз араб давлатлари, Африка Иттифоқи, Европа Иттифоқи ва GLOBE тармоғи каби тузилмалар ҳам иштирок этади.
ИҲТга аъзо давлатларда коррупцияга қарши кураш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вазирлари биринчи йиғилиши 2022 йил Саудия Арабистони Жидда шаҳрида «ИҲТга аъзо давлатларнинг коррупцияга қарши ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлиги тўғрисидаги Макка конвенцияси” лойиҳасини маъқуллаш мақсадида ўтказилган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА