“Ёш божхоначи” тўгараги доирасида ўтказилаётган назарий ўқув машғулотлари божхона постларига чиққан ҳолда амалий мустаҳкамланмоқда.
Нукус шаҳридаги 31-сонли умумтаълим мактабининг “Ёш божхоначи” тўгараги аъзолари “Нукус аэропорти” чегара божхона постида бўлиб, ушбу пост фаолияти, божхона чегаралари орқали ҳаракатланиш тартиботлари амалиётини ўташди.
Божхона назорати ва божхона расмийлаштируви бўйича ўқув машғулотлари давомида берилган назарий билимлар, божхона постидаги назорат техник воситалари, ахборот дастурларидан фойдаланиш истиқболларини амалий кўрган ўқувчилар учун катта кўникмага айланди. Ушбу ташриф уларнинг божхона органлари фаолияти ҳақида аниқ таассуротга эга бўлишига хизмат қилди.
Халқаро аэропортларда божхона назоратининг амалга оширилиши, “қизил” ва “яшил” йўлаклар аҳамияти, сканер қурилмаларининг имкониятлари, таҳлил қилиш қобилиятлари ҳақида тушунчаларга эга бўлган ўқувчилар, сайёр ўқув машғулоти давомида ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди. Постда хизмат қилаётган хизмат итлари фаолияти ёшларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Кўргазмали чиқишларни томоша қилган ўқувчилар тўрт оёқли кўмакдошлар имкониятидан божхона назоратини амалга оширишда фойдаланиш самараларига гувоҳ бўлишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири