Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Ветеринария медицинаси, чорвачиликдаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусида халқаро илмий техник анжуман ўтказилди.

Онлайн ва офлайн тарзда ўтказилган анжуманда Ироқ, Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларнинг олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институти олимлари, Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раҳбарияти, юртимиздаги илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланаётган профессор-ўқитувчилар ҳамда ёш олимлар иштирок этди.

Қарийб ўнга яқин  мамлакатдан ўттиз нафардан ортиқ олимни жалб этган ушбу анжуман филиалнинг ветеринария ва чорвачилик соҳаси бўйича етук кадрлар тайёрлашда замонавий таълим ва соҳа бўйича илмий-тадқиқотлар учун муҳим марказлардан бири эканлигини исботлайди. Бугунги кунда жаҳонда жадал ривожланиб бораётган ветеринария ва чорвачилик соҳасига қизиқувчан дунёнинг турли нуқталаридаги  тадқиқотчилар ва ёш олимлар, амалиётчиларни бирлаштиришга қаратилган анжуманнинг асосий мақсади – мамлакатимизда чорвачилик ва ветеринария медицинасининг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш, бу соҳадаги инновацион ёндашувларни жорий этиш, чорвачилик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг иқтисодий самарадорлигини янада ошириш йўлларини муҳокама қилишдан иборат.

Тадбирда иштирокчилар томонидан ветеринария соҳасидаги янги илмий ютуқлар, чорвачиликда юзага келаётган муаммолар, уларни олдини олиш ва бартараф этиш бўйича илғор тажрибалар муҳокама этилди. Анжуманда юртимиздан 100 нафардан зиёд  тадқиқотчи олим, профессор-ўқитувчи қаторида филиалнинг “Ветеринария медицинаси ва фармакологияси” кафедраси ўқитувчиси, ёш тадқиқотчи Ж.Режепбаев ҳам ўзининг “Бузоқдаги рахит касаллиги тарихи, белгилари ва даволаш” мавзусидаги илмий мақоласи билан фаол иштирок этди.

–  Бузоқдаги рахитнинг долзарблиги шундаки, у чорвачиликда маҳсулдорликка тўсқинлик қилади. Ҳайвонларнинг ўсиши секинлашади, уларнинг суяклари юмшаб, деформацияланади. Бу эса унинг фойдаланишга яроқлилигини пасайтиради – дейди Ж.Режепбаев – Шу сабабли, бу касалликни олдини олиш ва даволаш чораларига эътибор бериш нафақат ҳайвонларнинг саломатлигини, балки чорвачилик соҳасининг барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Анжуман давомида ёш тадқиқотчилар П.Алланиязовга иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) ва Ж.Режепбаевга Ветеринария фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) дипломлари топширилди.
Тадбирга онлайн тарзда иштирок этган академик Д.Н.Прянишников номидаги Перм давлат агротехнологиялар университети проректори, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент E.Акманаев мазкур анжуман нафақат филиалнинг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш, балки минтақадаги соҳа бўйича таълим ютуқларини кўрсатиб беришга ва янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

– Филиал томонидан ташкил этилган анжуман ветеринария ва чорвачилик соҳасида янги илмий ютуқларни жорий этиш, долзарб масалаларни ечиш ва замонавий технологияларни кенг қўллаш учун имконият яратади – дейди Қирғиз Республикаси Ош давлат университети профессори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори А.Абдурасулов. – Шунингдек, ветеринария ва чорвачилик соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш ва илмий тажрибаларни алмашиш учун катта майдон бўлиб хизмат қилади.
Тадбирда ветеринария медицинаси фақат ҳайвонлар саломатлигини сақлаш билан чекланмаслиги,  шунингдек, инсон саломатлигига бевосита таъсир кўрсатадиган соҳа эканлиги, ҳайвонлардан юқадиган касалликларнинг олдини олиш ҳам муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири