БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси – COP29 доирасида Сенат Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси Боку шаҳридаги СОР29 саммитида намойиш этилган Ўзбекистон миллий павильонига ташриф буюрди.

Ўзбекистон павильонида анъанавий барқарор ривожланиш қадриятлари ва экологик муаммоларни ҳал қилишга замонавий ёндашувларнинг уйғунлашгани тадбир иштирокчиларининг эътиборини тортди.

У ерда Орол минтақасини тиклашга қаратилган ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилиб, “яшил” ўрмонлар барпо этиш ва маҳаллий аҳоли турмуш даражасини ошириш каби кенг кўламли дастурлар тақдим этилди. Ушбу лойиҳалар Ўзбекистоннинг экологик ва ижтимоий ўзгаришларга содиқлигини кўрсатади.

Қайд этиш жоизки, СОР29 каби халқаро платформалар глобал экологик муаммоларни ҳал этиш учун жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришда муҳим роль ўйнайди.

Ўз навбатида, мамлакатимиз ҳам барқарор ривожланиш ва экологик ташаббусларга, шунингдек, халқаро ҳамкорлар билан фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёр. Бу мамлакатимизнинг экологик барқарорликни таъминлаш ва бутун инсониятнинг барқарор келажагини яратишга салмоқли ҳисса қўшиш истагини яна бир бор намоён этади.

Н.Абдураимова, ЎзА