Хоккей бўйича Қозоғистон мунтазам чемпионати доирасида “Ҳумо“ (Тошкент) “Бейбарис“ (Атирау) клубини иккинчи учрашувда ҳам мағлуб этди.

“Ҳумо арена“нинг кичик мажмуасида ўтган мазкур учрашувда дастлаб Антон Злобин гол уриб, “Бейбарис“ни олдинга олиб чиққан бўлса, “Ҳумо” таркибида Эдгарс Сиксна ва Василий Жилов рақиб дарвозасини ишғол қилди. “Бейбарис” жамоаси мағлубиятдан қутилиш мақсадида бир қатор ҳужумлар уюштирди. Бунинг натижасида Юсуп Асузанов гол урган ҳолда ҳисоб тенглашди. Аммо ҳар жабҳада устун бўлган пойтахтимиз клуби, ўйин тизгинини ўз қўлига олди ва Данила Карабань шайбани дарвозага аниқ йўллади.

Шу тариқа, “Ҳумо“ (Тошкент) – “Бейбарис“ учрашуви 3:2 ҳисобида якунланди. Натижада пойтахтимиз клуби очколарини 16 ўйинда 21 тага етказиб олди ва турнир жадвалининг тўртинчи поғонасига жойлашди. “Бейбарис“ эса 14 та ўйинда 6 очко билан 10-ўринда қолди.

Энди “Ҳумо” хоккей жамоамиз, 18-19 ноябрь кунлари Тошкентда “Ақтобе” клубига қарши ўйин ўтказади. Бу учрашувлар соат 19:30 да старт олади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА