Пойтахтимизда “Пандемия сабоқлари ва янги таҳдидларнинг олдини олиш” мавзусида Ўзбекистон инфекционистлари, эпидемиологлари, паразитологлари, микробиологлари ва вирусологларининг бешинчи съезди ўтказилди.
Унда мамлакатимизнинг етук мутахассислари билан бирга Россия, АҚШ, Германия, Франция, Хитой, Жанубий Корея, Беларусь, Ҳиндистон, Озарбайжон, Украина ва Қозоғистон каби давлатлардан олимлар ҳамда экспертлар иштирок этмоқда.
Тадбирда таъкидланишича, юртимизда эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ҳамда илмий-амалий ёндашув асосида юқумли касалликларни бартараф этиш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси шунингдек, Эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар марказининг туман даражасигача тушган яхлит ва вертикал бошқарув тизимлари фаолият олиб бормоқда.
Аҳамиятлиси, қўмитанинг 14 та лаборатория мажмуалари “ILAC MRA” халқаро аккредитациясидан ўтказилди.
Съезднинг асосий мақсади – юқумли касалликларга қарши курашнинг долзарб муаммоларини ҳал этиш, илғор тажриба алмашиш, инфекцияларни даволаш ва олдини олиш бўйича янги ёндашувларни ишлаб чиқиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун инфекционистлар, эпидемиологлар, вирусологлар ҳамда бошқа мутахассисларнинг ҳаракатларини бирлаштиришдан иборат.
М.Қосимова, ЎзА