Фармацевтика соҳаси инсон саломатлигини сақлашда катта аҳамиятга эга бўлган муҳим тармоқдир. Фармацевтика саноатининг ривожи, нафақат дори воситалари ишлаб чиқариш, балки тиббий инновациялар, биотехнологиялар, илмий тадқиқотларнинг самарадорлиги ва соҳага қаратилган стратегик лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақасида соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат ва аҳоли билан боғлиқ глобал амалиёт раҳбари Рекхи Менон хоним бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашди. Учрашувда соҳани ривожлантиришнинг муҳим масалалари муҳокама қилинди.

Жумладан, Фармацевтика соҳасидаги илмий-тадқиқот ва ишланмаларни қўллаб-қувватлаш, илмий институтларни такомиллаштириш, шунингдек, самарали экотизимларни яратишга эътибор қаратилди.

Учрашувда фармацевтика саноатини мустаҳкамлаш ва илмий-ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантиришга қаратилган стратегик лойиҳаларни амалга ошириш учун техник ва эксплуатацион ёрдам кўрсатиш механизмлари муҳокама қилинди, дейилади Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълумотида.

Томонлар келгусидаги ҳамкорлик тўғрисида келишиб олдилар.

М.Ҳожиакбарова, ЎзА