Хабар берганимиздек, Қозон шаҳрида белбоғли кураш бўйича катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. 30 дан ортиқ давлатнинг энг сара курашчилари иштирок этаётган жаҳон чемпионатида катталар ўртасидаги белбоғли курашнинг эркин ва классик йўналишда иштирок этган Ўзбекистон эркаклар ва аёллар терма жамоаси 4 та олтин, 3 та кумуш ва 5 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида фахрли биринчи ўринни эгаллади.

Кеча 13 ноябрь куни U17 ўғил болалар ва қизлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионати беллашувларида Бахтиёр Турғунпўлатов бош мураббийлигидаги ёш полвонларимиз 10 та олтин, 4 та кумуш ва 11 та бронза медалларини қўлга киритиб, катталар терма жамоамиз сингари умумжамоа ҳисобида ғолибликни тантана қилди.

Мамлакатимиз белбоғли курашчиларидан Абдумажид Ҳусанбоев, Муродулла Ҳабибуллахонов, Собиржон Абдуллаев, Бобурбек Абдумаликов, Муҳаммадқодир Каримжонов, Эзозбек Абдуқаюмов, Шоҳжаҳон Раҳматов, Жасмина Маъмуржонова, Арофат Муҳаммадова ва Рўзихон Ғанижонованинг ғолиблиги шарафига Қозон спорт мажмуасида Ватанимиз байроғи юксалиб, мадҳиямиз баралла янгради.

Бугун, 14 ноябрь куни U 20 ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати беллашувлари бошланади.

Т.Рўзиев, ЎзА