Ижтимоий тармоқда ёзишича, сайланган Президент Дональд Трамп тадбиркор, «Tesla» ва «Space X» асосчиси Илон Маскни ҳукумат таркибидаги Самарадорлик департаментига янги раҳбар этиб тайинлаш ниятида.
— Мамнуният билан маълум қиламанки, буюк Илон Маск америкалик ватанпарвар Вивек Рамасвами билан бирга Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE)ни бошқаради, — деган Трамп.
Баёнотда, жумладан, «Бу икки ажойиб америкалик биргаликда менинг маъмуриятимга ҳукумат бюрократиясини йўқ қилиш, ортиқча меъёрий ҳужжатларни қисқартириш, харажатларни камайтириш ва федерал агентликларни қайта қуриш йўлини очиб беради» дейилган.
Унинг сўзларига кўра, янги департамент ҳукуматдан ташқарида тавсиялар беради ва «кенг кўламли таркибий ислоҳотлар»ни амалга ошириш ва ҳукуматга нисбатан «аввал кўрилмаган» тадбиркорлик ёндашувини яратиш учун Оқ уй, шунингдек, бюджет бошқармаси билан ҳамкорлик қилади.
Трамп Пентагон раҳбари лавозимида «Fox News» бошловчиси, Гуантанамо, Ироқ ва Афғонистонда хизмат қилган армия фахрийси Пит Хегсетни кўряпти.
— Пит қаттиққўл, ақлли ва Америка ҳамма нарсадан устунлигига чин дилдан ишонади, — деди у.
Бундан ташқари Трамп ички хавфсизлик вазири тайинланганини ҳам эълон қилди — бу курсини Жанубий Дакота губернатори Кристи Ноэм эгаллайди. Дональд уни «чегара хавфсизлиги масаласида жуда кучли» деб атаб, губернатор сифатида Миллий гвардия қўшинларини Техас ва Мексика чегарасига юборганини эслади. Ноэм ўшанда иммиграцияни кун тартибидаги асосий бандга айлантирган ва Байден маъмуриятининг бу борадаги сиёсатини кескин танқид қилган.
Илон Маск сайлов олди кампанияси даврида Трамп атрофидаги «муҳим шахс»га айланди. У ўзи танлаган номзодга маблағ билан ёрдам берди. Кўп вақтни бирга ўтказган бу икки дўст, маълумотларга қараганда, сиёсатчининг кадрлар бўйича қарорларига ҳам таъсир кўрсата бошлаган. Шунингдек, камида икки хорижий етакчи билан телефон қўнғироғида Трампнинг ёнида бўлган.