Қатарнинг Спорт ва олимпия музейи директори, Осиё Олимпия кенгаши (ООК)нинг протокол менежери Абдулла Ал Мулла “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик жараёни билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистонга келди. “Янги Ўзбекистон” боғига туташ ҳудудда қад ростлаётган Олимпия шаҳарчасидаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди ва зарур тавсиялар берди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби, “Тошкент-2025” дирекцияси директори Ойбек Қосимов билан учрашувда белгиланган тартиб бўйича тайёргарлик режаси батафсил кўриб чиқилди. “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларининг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимларига кўрилаётган ҳозирлик, мусобақа меҳмонлари учун яратиладиган шароитлар, фаолият олиб борадиган кўнгиллиларни тўғри тақсимлаш каби масалалар муҳокама қилинди.

Учрашувда футзал бўйича мамлакатимизда ўтказилган жаҳон чемпионати аъло даражада ташкил этилгани эътироф этилди. Ўз навбатида, “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинлари юртимизда ҳар жиҳатдан юқори савияда ўтказилишига ишонч билдирилди.

Т.Рўзиев,  

ЎзА