Хабарингиз бор, жорий йилнинг 14 ноябрь куни футбол бўйича Осиё қитъаси учун Жаҳон чемпионатининг 3-саралаш босқичи доирасида гуруҳ баҳсларининг 5-тур ўйинлари бўлиб ўтади.

Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси “A” гуруҳида Қатарга қарши сафарда ўйин ўтказади. Ўйинга 14 ноябрь куни “Жассим бин Ҳамад” стадиони мезбонлик қилади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 21:15 старт олиши кутилмоқда.

Осиё футбол конфедерацияси мазкур баҳсни кореялик ҳакамлар бригадаси бошқаришини белгилади. Ўйинни Ким Жонг Хеок бош ҳакам сифатида бошқарса, унга қанотларда Парк Кюнёнг ва Жанг Жонгпил ёрдам беради. Тўртинчи расмий ҳакам сифатида Чаэ Санг Хеоп фаолият юритади. VAR’да эса Ким Ҳеэгон ишлайди.

Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги учрашувлар статистикаси билан таништириб ўтсак. Жамоалар ўртасида ўтказилган умумий 15 ўйиннинг 9 тасида терма жамоамиз зафар қучган бўлса, 4 та ўйинда имкониятни бой бериб қўйган ва қолган 3 учрашув дуранг билан ўз якунига етган. Улар ўртасидаги илк ўйин 2001 йилнинг август ойида бўлиб ўтган. Мазкур тўқнашувда терма жамоамиз 2:1 ҳисобида зафар қучган. Сўнгги ўйин эса жорий йил Қатарда ўтган Осиё кубоги чорак финали доирасида ўтказилган ва унда футболчиларимиз пенальтилар сериясида аламли тарзда имкониятни бой бериб қўйган. Умид қиламизки, яна икки кундан сўнг ўтадиган ўйинда мухлислар ўша аламли мағлубиятни унутиб, термамиз ғалабасини тантана қилади.

Шунингдек, жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичининг бешинчи турида қуйидаги ўйинлар ўтказилади:

“A”: БАА – Қирғизистон, КХДР – Эрон;

“B”: Иордания – Ироқ, Қувайт – Жанубий Корея, Ўмон – Фаластин;

“C”: Идонезия – Япония, Австралия – Саудия Арабистони, Баҳрайн – Хитой.

Эслатиб ўтамиз, саралаш баҳсларининг 4-тур якунига кўра “A” гуруҳида Эрон ва Ўзбекистон термалари очколарини 10 тага етказиб олди. БАА ҳамда Қатар 4 очко билан 3-4 поғоналарга жойлашди. Қирғизистон 3 очко жамғарган ҳолда 5-ўринда бормоқда. КХДР ҳамон 2 очко билан сўнгги ўринда қолаётир.

“B” гуруҳида Жанубий Корея 10 очко билан гуруҳ пешқадамига айланган. Иордания ва Ироқ терма жамоалари 7 очко жамғарган ҳолда кучли учликдан ўрин олди. Ўмон ва Қувайт 3 очко билан 4-5-ўринларда бораётган бўлса, Фаластин 2 очко билан 6-поғонадан ўрин эгаллади.

Айни вақтда Япония 10 очко билан “C” гуруҳида карвонбошилик қилмоқда. Австралия, Саудия Арабистони ҳамда Баҳрайн терма жамоалари бир хил – 5 очко жамғариб, навбатдаги босқичга чиқиш имкониятларини сақлаб қолди. Уларнинг гуруҳдаги жойлашуви эса фақатгина голлар нисбатига кўра сараланди. Индонезия ва Хитой термалари 3 очко билан 5-6 ўринга тушиб қолди.

Маълумот ўрнида: Саралашда ҳали мағлубиятга учрамаган 4 та терма жамоа бор – Ўзбекистон, Эрон, Япония ва Жанубий Корея. Бу терма жамоалар ҳисобида бир хил – 10 очко бор.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА