Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов Қорақалпоғистон Республикасидаги бир қатор божхона ва ижтимоий соҳа объектларида бўлди.

Дастлаб “Довут-ота” чегара божхона постида амалга оширилаётган қурилиш-реконструкция ишлари бўйича масъуллар билан учрашув бўлиб ўтди. Президентимиз фармони билан ҳозирда ушбу постга туташ ҳудудда 6 гектар майдонда божхона терминали қад кўтарди. Учрашувда мазкур божхона терминалини тўлиқ ишга тушириш масалалари муҳокама қилинди.

Қурилишнинг навбатдаги босқичида чегара-божхона постининг ўзи қайтадан бунёд этилади. Пост ўз фаолиятини узлуксиз давом эттириши учун терминал ҳудудида йўловчилар ва транспорт воситаларининг ҳаракати учун вақтинчалик йўлаклар ташкил қилинмоқда.

Бундай вазиятда пост орқали ҳаракатланаётган йўловчилар ва ҳайдовчилар учун қулай шароитларни яратиш билан бир қаторда божхона назоратини ҳам қатъий таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида Қораўзак туманини ҳар томонлама жадал ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитларини янада яхшилашга Божхона қўмитаси масъул этиб белгиланган. Шу боисдан қўмита раиси мазкур туманда бўлиб, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи билан яқиндан танишди. Ишлаб чиқариш ва саноат зоналари, туманнинг драйвер соҳалари ўрганилди. Оролбўйининг чекка туманларидан бири ҳисобланувчи Қораўзакда 54,5 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Сўнгги таҳлилларга кўра туманда 1,4 минг нафар ишсиз бор. Шу сабабли асосий эътибор йил якунига қадар ва келгуси йилда янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширишга қаратилади.

Навбатдаги манзил Чимбой туманидаги Дўстлик маҳалласи бўлди. Келгуси йилда бу ерда божхона органларининг ҳиссаси билан 330 ўринли янги мактаб қурилади. Қўмита раиси ушбу қурилиш лойиҳаси билан танишар экан, янги мактаб ва унинг спорт зали мураккаб иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда ўз вақтида ва сифатли тарзда бунёд этилиши лозимлигини таъкидлади.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири.