Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида инвестиция дастури асосида 5,9 миллиард сўм маблағ эвазига 330 ўринга мўлжалланган мактаб фойдаланишга топширилди. Очилиш маросимида туман сектор раҳбарлари, фаоллар ҳамда ота-оналар иштирок этди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизда ёшларнинг сифатли таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бирига айланди. Aйниқса, мактабгача ва мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланиб, бу борада туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида Беруний туманида 2024 йилнинг ўзида бир қанча таълим-тарбия даргоҳларида қурилиш, таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани бу соҳанинг нақадар муҳимлиги, илмга, билимга берилаётган эътиборнинг юксаклигини белгилаб берди. “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган юксак ғоя асосида умуммиллий таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мактаб 1982 йилда ҳашар йўли билан қурилган ҳамда 240 ўринга мўлжалланган бўлиб, 26 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бериб келди. Бир қаватдан иборат бино талабга жавоб бермас, шунга қарамасдан илмга чанқоқ ўқувчиларнинг олий таълимга кириш кўрсатгичлари туман даражасида юқори эди. Мазкур мактабни 2022/2023 ўқув йилида 17 нафар ўқувчи битириб, шундан 15 нафари олий таълим муассасасига ўқишга киришга муваффақ бўлган бўлса, ўтган ўқув йилида 17 нафар битирувчидан 16 нафари талабалик бахтига эришди.
Aмалга ошираётган ислоҳотларнинг барчаси эртанги кунимизда фарзандларимизнинг фаровон яшаши, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиши, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши учун яратилаётган шарт-шароитлардир. Шу куни мактаб атрофини ободонлаштириш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида манзарали кўчатлар ҳам экилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири