Танловнинг туман босқичи ўтказилди

Кегейлида Зулфия номидаги Давлат мукофоти танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.

Унда фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва жамоатчилик фаолияти йўналишларда юксак ютуқларга эришиб келаётган иқтидорли қизлар иштирок этди.

Танловда ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшгача бўлган қизлар ўзаро баҳслашди ва ҳакамлар томонидан энг муносиблари аниқланди.

Ғолиблар Қорақалпоғистон Республикаси босқичига йўлланма олди.

Қонликўлда “Дўстлик боғи” барпо этилди

Қонликўл туманида “Дўстлик учун” шиори остида кўчат экиш тадбири ташкил этилди.

Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлими томонидан тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда турли миллат вакиллари иштирок этди. 16 ноябрь – “Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик ва миллатлараро тотувликни ҳамда диний бағрикенгликни кенг тарғиб этиш, ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғусини янада кучайтириш ҳамда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини яратиш бўйича қатор тадбирлар ўтказилмоқда.

Тадбирда дўстлик ва ҳамжиҳатликни, бир-бирига ҳурматни мустаҳкамлашга қаратилган фикр-мулоҳазалар билдирилиб, эзгу ният билан манзарали ва мевали кўчатлар экилди.

Аҳолига савдо ярмаркаси ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Қўнғирот тумани ҳокимлиги томонидан “Қўнғирот деҳқон бозори”да арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди.

Аҳолининг кундалик ҳаётида энг зарур бўлган гўшт, ун, тухум, шакар, ўсимлик ёғи нархларининг сунъий равишда оширилмаслиги, бозорда энг зарур, кўп ишлатиладиган маҳсулотларнинг нархлари тегишли идоралар томонидан назорат қилинмоқда.

Савдо ярмаркасида тумандаги фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари арзон нархларда сотилмоқда.  Ҳудуд аҳолиси гўшт, гуруч, мева-сабзавот маҳсулотларини арзон нархларда харид қилиш имконига эга бўлганидан мамнун.

Довуд Абибуллаев

ЎзА мухбири.