“Юксалиш” ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Оролбўйи Халқаро инновация маркази кўмагида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Бир миллион дарахт” акцияси ташкил этилди.
Нукус шаҳридаги 43-сонли мактабгача таълим муассасаси ҳудудида ўтказилган тадбирда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва мактабгача таълим муассасаси ходимлари иштирок этди.
Акциядан кўзланган мақсад ўрмонларни кесиш ва иқлим ўзгариши таъсирига қарши курашиш, одамларни ихтиёрий равишда бирлаштириш орқали қулай атроф-муҳит яратиш, мамлакатимизда дарахтларни кўпайтириш ва ўстириш масалаларига эътиборни жалб қилишдан иборатдир. Ушбу лойиҳани йилига икки маротаба, октябрдан декабргача ва февралдан апрелгача бўлган даврда ўтказиш режалаштирилган.
Таъкидланганидек, “Юксалиш” ҳаракатининг ташаббуси билан 2019 йил октябрь ойидан республиканинг барча ҳудудларида “Бир миллион дарахт” акцияси ўтказилиб келинмоқда. Ҳаракат фаоллари ташаббуси БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан қўллаб-қувватланди ва 2019 йил 24 октябрь куни акцияга Ўзбекистоннинг шимолий ҳудуди Қорақалпоғистон Республикасидан старт берилди.
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Оролбўйи Халқаро инновация маркази кўмагида мазкур акция ўтган йиллари Мўйноқ, Бўзатов, Хўжайли туманларида ва Нукус шаҳрида ўтказилди.
Тадбир давомида 50 дона манзарали кўчат ва ниҳол экиш ишлари олиб борилди. Мазкур акцияда экилган кўчатларни парваришлаш билан бирга, ушбу ҳудудни обод сақлашни 43-сонли мактабгача таълим муассасаси раҳбарияти ўз зиммасига олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.