Пойтахтимизда “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” Ривожланиш соҳасида ҳамкорлик масалалари бўйича қуйи қўмитасининг 7-йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Европа Иттифоқи ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар ва келажакда амалга оширилиши белгиланган истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилди. Унда 2 та лойиҳа тақдимоти ўтказилди.
Хусусан, “Инновацион қишлоқ хўжалиги” (Smart Agriculture) пилот лойиҳасига кўра, қишлоқ хўжалиги экин майдонларида тупроқнинг ҳолатидан келиб чиқиб талаб этиладиган ўғит миқдорини автоматик тарзда аниқлаш ҳамда ўсимликнинг сувга бўлган талабидан келиб чиқиб, суғориш ва озиқлантиришни бир вақтда инсон омилисиз автоматик тарзда амалга ошириш бўйича ҳудудларда намунавий тажриба участкалари ташкил этилади.
Иккинчи лойиҳа – “Иқлим ўзгаришига мослашиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш мақсадида ёмғир сувларидан самарали фойдаланиб, тоғли ҳудудларда барқарор ўрмон плантацияларини яратиш” деб номланади. Бу лойиҳада аҳоли ўртасида экологик маданиятни оширишнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш, бунда мавжуд сув ресурсларидан, хусусан ёмғир сувларидан самарали ва оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш орқали сув танқислигининг олдини олиш асосий мақсадлардан экани таъкидланди.
Лойиҳани амалга ошириш орқали иқлим ўзгариши таъсирига мослашган барқарор ўрмон плантацияларини яратиш, дарахтлар ўсиши ва соғлом ривожланишини таъминлаш учун ёмғир сувларидан фойдаланишни оптималлаштириш, биологик хилма-хилликни яхшилаш ва экотизим хизматларини кўрсатиш каби масалалар ҳал этилиши кўзда тутилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА