Футбол бўйича Осиё чемпионлар лигаси 2-мусобақасининг ғарбий минтақасида тўртинчи тур учрашувлари ўз ниҳоясига етди.

Мусобақанинг “А” гуруҳидан жой олган “Трактор” ва “Равшан” жамоалари баҳси йирик 7:0 ҳисобида якунланган бўлса, “Моҳун Баган” клуби иштирок этмаётгани боис “Ал-Вакра” ушбу турда дам олди. Мазкур натижалардан сўнг “Трактор” клуби 3 ўйинда 9 очко билан гуруҳда яққол пешқадамга айланди. Бир мағлубият ва ғалаба қайд этган “Ал-Вакра” жамоаси ҳамон 3 очко билан иккинчи ўринда қолмоқда. “Равшан” учинчи маротаба мағлубият аламини тотди.

Энди 5-турда “Трактор” –  “Ал-Вакра” клублари ўртасида баҳс бўлиб ўтади. Бу турда “Равшан” клуби ўйин ўтказмайди.

“B” гуруҳида “Ал-Тавун” сафарда “Алтин Аср” жамоасига қарши майдонга тушди ва мезбонлар дарвозасига жавобсиз 4 та гол уриб, муҳим уч очко билан ўз уйига қайтди.  “Ал-Халдия” эса ўз майдонида “Ал Қува Ал-Жавия” жамоасини 4:1 ҳисобида таслим этди. Шу тариқа, “Ал-Тавун” ва “Ал-Халдия” бир хил 9 очко жамғарган ҳолда бу турни якунлади. “Ал Қува Ал-Жавия”  жамоаси 6 очко билан учинчи ўриндан жой олди. Фақатгина “Алтин Аср” 4 ўйинда мағлуб бўлиб, гуруҳ аутсайдери бўлиб турибди.

5-турда “Алтин Аср” ўз майдонида “Ал Қува Ал-Жавия” билан рақобатлашади. “Ал-Тавун” “Ал-Халдия”ни меҳмон қилади.

“С” гуруҳида қизақарли ҳолат юз берди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, “Сепаҳон” ва “Шаржа” баҳси 3:1 ҳисобида якунланди. Қизиқарли томони шундаки, ушбу жамоалар ўртасидаги ўтган тур учрашувида “Шаржа” айнан шундай ҳисобда ғалаба қозонган эди. “Ал-Веҳдат” эса бу гал ҳам “Истиқлол”ни ўтган ўйиндаги каби 1:0 ҳисобида мағлуб этди.

Қайд этилган ушбу натижалардан сўнг, гуруҳда “Ал-Веҳдат” 10 очко билан биринчи ўринга кўтарилиб олган бўлса, “Шаржа” 7 очко тўплаб иккинчи ўринга жойлашди. “Сепаҳон” очколарини 6 тага етказиб, учинчи ўринни банд этди. “Истиқлол” жамоаси эса мусобақадаги омадсиз юришини бу турда ҳам давом эттирди.

Бу гуруҳдаги тўртинчи тур баҳсларида “Сепаҳон” – “Ал- Веҳдат”,  “Шаржа” –  “Истиқлол” жамоалари баҳсига гувоҳ бўламиз.

Осиё чемпионлар лигаси 2-мусобақасининг “D” гуруҳидан ўрин олган   “Насаф” – “Ал-Ҳусайн” жамоалари ўртасидаги ўйин 1:2 ҳисобида якунланди. Бунинг натижасида “Ал-Ҳусайн” 9 очко жамғариб, гуруҳда карвонбошилик қилмоқда. “Насаф” эса 4 очко билан учинчи ўринга жойлашди. “Шабаб Ал-Аҳли” сафарда “Кувайт СК” билан 3:3 ҳисобида дуранг ўйнади ҳамда ўз очколарини 7 тага етказган ҳолда гуруҳда иккинчи бўлди. “Кувайт СК” 2 очко жамғариб, сўнгги поғонада қолди.

Шу ўринда, “Насаф” клубининг гуруҳдаги вазияти ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак. Рўзиқул Бердиев шогирдлари гарчи сўнгги икки турда мағлуб бўлган бўлса-да, гуруҳда иккинчи ўринда бораётган «Шабаб Ал-Аҳли» клуби билан ўртадаги фарқ 3 очколигича қолди. Энди “Насаф” 27 ноябрь куни «Кувайт СК” жамоасини ва 4 декабрда «Шабаб ал-Аҳли»ни енга олса, кейинги босқичга йўл олади. Бироқ, бу учун қолган икки турда “Шабаб Ал-Аҳли” очко йўқотиши лозим.

Гуруҳдаги 5-тур учрашувларида “Насаф” – “Кувайт СК”, «Ал-Ҳусайн» – “Шабаб Ал-Аҳли” жамоалари ўзаро ўйин ўтказади.

Маълумот ўрнида: 5-тур ўйинлари 26-27 ноябрь кунлари ташкил этилади.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА