Бугун пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “Транспорт ва логистика – TransLogistica Uzbekistan 2024” 20-халқаро кўргазмасининг биринчи кунги тадбирлари бўлиб ўтди.

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси ва унинг ҳамкори “ICAE urasia Group” томонидан ташкил этилган тадбирда 14 мамлакатдан 70 та компания иштирок этмоқда.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда транспорт соҳаси иқтисодиётнинг асосий тармоғи ҳисобланади. Йўловчи ва юк ташиш хизматлари, хомашё, энергия ресурслари ва тайёр маҳсулотларни етказиб бериш, аҳоли ва туристик оқимлар ривожи айнан ушбу йўналишга боғлиқдир.

– Ўз навбатида, логистика соҳаси транспорт тизимининг энг муҳим қисмларидан бири саналади, – деди “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори Нигора Ҳасанова. – Бу йўналишдаги фаолият юкларни сақлаш, ташиш, тарқатиш ва уларни самарали бошқаришни ўз ичига олади. Ҳар бир босқичда ресурсларни оқилона ишлатиш ва харажатларни камайтиришга эътибор қаратилгани сабабли, логистика иқтисодий ривожланишни тезлаштириб, бозор талабларига тезкор жавоб беришга ёрдам беради. Замонавий технологиялардан фойдаланиш ва логистика занжирларини автоматлаштириш эса соҳанинг самарадорлигини янада оширмоқда. Бугун ўз ишини бошлаган кўргазма айнан шундай талаблар ижросида муҳим аҳамият касб этади.

Бу йилги кўргазмада Ўзбекистон, Қозоғистон, Беларусь, Корея Республикаси, Латвия, Литва, Россия, Туркия, Франция каби давлатлардаги темир йўл, автомобиль, контейнер, денгиз ва ҳаво транспорти, порт мажмуалари, терминаллар, божхона брокерлари ва логистика провайдерлари, IT-ечимлар ишлаб чиқарувчилари ўз имкониятларини намойиш этяпти.

Айтиш жоизки, транспорт ва логистика соҳаларининг ривожланиши замонавий технологиялардан фойдаланиш, инфратузилманинг такомиллашуви, давлат қўллаб-қувватлови ва халқаро ҳамкорликлар даражасига боғлиқ. Шу билан бирга, бозор талабларини таҳлил қилиш ва янги ечимларни татбиқ этиш ҳам соҳанинг узлуксиз ривожини таъминлайди. Инновация ва рақамли ечимлар эса операцияларни тез ва самарали бажаришга ёрдам беради.

Уч кун давом этадиган тадбир ушбу соҳалардаги энг янги ютуқлар ва инновацион ечимларни намойиш қилиш, ишлаб чиқарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА