Ўзбекистон теннис федерацияси ва «Ўзмиллийбанк» АЖ кўмагида республикамизнинг истиқболли ёш теннисчилари учун Сербияда ўқув-машғулотлари ташкил этилди. Эътиборли жиҳати, мазкур машғулотлар “Elite” халқаро теннис академиясида ўтказилмоқда. Бу эса ўз навбатида теннисчиларимизнинг тажрибали мутахассислар раҳнамолигида кўникма ҳамда маҳоратини оширишга хизмат қилади.
“Elite” халқаро теннис академиясида амалиёт ўташ мамлакатимиз терма жамоасининг бўлажак аъзолари – ёш авлод теннисчиларининг кейинги Осиё ва Олимпия ўйинлари ҳамда бошқа нуфузли халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этишида муҳим аҳамият касб этади.
ЎТФ ҳузуридаги Теннис кенгаши томонидан ўтказилган саралаш натижаларига кўра айни пайтда Федерация Бош котиби Ирода Тўлаганова бошчилигидаги 6 нафар ўғил ва 4 нафар қиз боладан иборат жамоа Сербияга жўнаб кетди.
«Elite» теннис академиясида ўқув-машқ жараёни икки босқичда – 2024 йил ноябрь-декабрь, 2025 йил январь-февраль ойларида ўтказилади.
«Ўзмиллийбанк»АЖ ушбу муҳим лойиҳани қўллаб-қувватлайди ҳамда теннисчиларимизга ишонч билдиради. Академиядаги ўқув машғулотлари спортчиларимизнинг маҳоратини янада ошириш, юқори натижаларни қўлга киритишида ўзига хос мактаб вазифасини ўтайди.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати