Бу йилги Европа чемпионлар лигаси кутилмаган натижаларга бой ўтмоқда.

Мусобақанинг тўртинчи турида “Жирона” сафарда “ПСВ” билан рақобатлашди. Учрашувнинг 16-дақиқасида “ПСВ” вакили Фламинго ҳисобни очди, 33-дақиқада Малик Тильман гол уриб, фарқни иккитага ошириб қўйди. Баҳснинг 83-дақиқасида Йоҳан Бакайоко жамоасининг учинчи голига муаллифлик қилган бўлса, Ладислав Крейчич 88-дақиқада тўртинчи голни уриб, ўйин тақдирини ҳал қилди.

Шу тариқа “ПСВ” ушбу турнирда ўзининг иккита рекордини ўрнатди. Анқироғи, жамоа ҳеч қачон Чемпионлар лигаси ўйинида тўртта гол урмаган. “Жирона” устидан қозонилган бу ғалаба клубнинг Европадаги энг йирик ғалабасига айланди.

ЕЧЛ 4-турининг марказий баҳси дея эътироф этилган ўйин Мадрид шаҳридаги “Santiago Bernabéu” стадионида ўтди. Унда “Реал” ва “Милан” клублари ўзаро тўқнашди. Сўнгги йиллардаги қайд этилаётган натижаларга кўра учрашувда “Реал Мадрид” клубининг имконияти юқори баҳоланган бўлса-да, ўйин ва қайд этилган натижа “Милан” фойдасига бўлди.

Гап шундаки, бу жамоалар баҳсида “Милан” сафарда 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, муҳим уч очкони қўлга киритди.

Бу турнинг яна бир кутилмаган натижаси “Спортинг” – “Манчестер Сити” учрашувида қайд этилди. Ушбу баҳснинг 4-дақиқасида “МС” жамоаси аъзоси Фоден ҳисобни очди. Бу ҳолатдан руҳланган “шаҳарликлар”да навбатдаги ғалабага катта ишонч уйғонди. Аммо, мезбонлар бунинг аксини кўрсатди. Тезкор гол ўтказиб юборган бўлса-да “Спортинг” клуби ўйин тизгинини ўз қўлига олди. Натижада Виктор Дьёкерешнинг хетриги ва Максимилиано Араухонинг битта голи эвазига “Манчестер Сити” 4:1 ҳисобида мағлуб этилди.

Ўтган йилги мавсумда анча шов-шув кўтарган «Байер» клуби 4-турда «Ливерпуль» меҳмони бўлди. Турнинг марказий учрашувида Луис Диас рақиб дарвозасига учта гол урган бўлса, Гакпонинг бир голи “Ливерпуль”нинг йирик – 4:0 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.

Шунингдек, кечаги баҳсларда «Лилль» – «Ювентус» 1:1, “Братислава” – “Динамо Загреб” 1:4,  “Боруссия Дортмунд” – “Штурм” 1:0,  “Селтик” – “РБ Лейпциг” 3:1,  “Болонья” – “Монако” 0:1 натижалари қайд этилди.

Бугун, 6 ноябрь куни 4-тур доирасида қуйидаги баҳслар бўлиб ўтади.

4-тур:

“Брюгге” – “Астон Вилла”;

“Шахтёр” – “Янг Бойз”;

“Спарта Прага” – “Брест”;

“Бавария” – “Бенфика”;

“Интер” – “Арсенал”;

“Фейеноорд” – “Зальцбург”;

“Црвена звезда” – “Барселона”;

“ПСЖ” – “Атлетико Мадрид”;

“Штутгарт” – “Аталанта”.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА