Aмерика Қўшма Штатлари биринчи сайлов участкаси Нью-Гемпшир штатидаги аҳоли манзилида очилди ва ёпилди. CNN хабарига кўра, бу ерда номзодлар тенг миқдорда овоз олган.
Вице-президент Камала Харрис ва собиқ президент Дональд Трамп Диксвилл-Нотч кичик ҳамжамиятида учтадан овоз олди. Бу ҳудуд шу тариқа мамлакатда сайлов куни бошланишини нишонлаб, ўз устунлигини намоён қилди.
Шимолда, AҚШ-Канада чегараси яқинида жойлашган, шаҳар мақомига эга бўлмаган мазкур жамоат сайлов участкаси 1960 йилдан бери ҳар бир сайловда маҳаллий вақт билан ярим тун – мамлакат бўйича энг эрта очилиб, овоз бериш тугагач, дарҳол ёпилиши билан машҳур.
Овозлар тезкор саналиб, натижа шу заҳоти эълон қилинади. Айни жараён ҳар сафар журналистлар эътиборини тортади. Бу гал Трамп ва Харрис бир хил овоз тўплаганига қарамай, маҳаллий тўрт нафар аҳоли ўзини Республикачилар партияси тарафдори, деб ҳисоблайди. Икки фуқаро эса ҳеч бир номзодни афзал кўрмаган. 2023 йилдаги маълумотга кўра, қишлоқнинг сайловда қатнашиш ҳуқуқига эга бор аҳолиси айнан шу олти киши.
Эслатиб ўтамиз, бугун 5 ноябрь куни AҚШда президентлик сайлови бўлиб ўтмоқда. Муддатидан олдин овоз бериш аллақачон бошланган, кўплаб сайловчилар почта орқали ўз танловини билдириб бўлган.