АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти Эрон Ислом Республикасини Исроил ҳужумига жавоб қайтармасликка чақириш баробарида сионистик режимни қўллаб-қувватлашга ваъда берди.
Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер душанба куни журналистларга “Эроннинг эҳтимолий ҳаракати юзасидан тахмин қилишни хоҳламайман, разведка маълумоти ҳақида ҳам очиқ гапирмайман”, деди.
Унинг сўзларига кўра, Америка ҳукумати Эронни Исроил ҳужумига жавоб бермаслиги кераклигидан огоҳлантирган.
– Агар Ислом Республикаси шундай қарор қабул қилса, биз албатта Исроилнинг ўзини-ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаймиз, – деди мулозим.
Давлат департаменти матбуот котиби Метью Миллер ҳам Эрондан жавоб бермасликни сўраган.
26 октябрь куни Исроил Ислом Республикаси томон аниқ ва мақсадли ҳаво зарбалари йўллаган эди. Ҳужум деярли бартараф этилган бўлса-да, Эрон қарши жавоб зарбаси берилишини маълум қилди.
Исроил – Эрон муносабати дарз кетгандан бери Ғарбий Осиёда кескинлик сақланиб турибди. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчий ҳаво ҳужумидан сўнг БМТ Бош котиби, Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблея раисига мактуб йўллаб, Исроилнинг бу каби қонунбузарликлари жавобсиз қолмаслиги, мамлакат халқаро ҳуқуқ ва БМТ низоми асосида ўз миллий суверенитетига қилинган ҳужумга жавоб бериш ҳуқуқидан фойдаланишини билдирди.
Мусулмон Зиё, ЎзА