Ғазо секторида ҲАМАС сиёсий бюросининг аъзоси ўлдирилди

Ҳафта охирига келиб, Исроил мудофаа кучлари ҲАМАСнинг анклавдаги бошқа гуруҳлар билан алоқалар учун масъул бўлган аъзоси Изз ад-Дин Кассаб сектор жанубидаги Хон Юнус шаҳри яқинига берилган ҳаво ҳужумида ҳалок бўлганини хабар берди. ЦАХАЛ баёнотида айтилишича, Кассаб ҲАМАС сиёсий бюросининг Ғазо секторида тирик қолган сўнгги юқори мартабали аъзоларидан бири ҳисобланади.

Сўнгги 7 кунда “Ҳизбуллоҳ” гуруҳининг тайинланган янги Бош котиби Шайх Наим Қосим ўзидан олдинги шаҳид Саййид Ҳасан Насруллоҳнинг меросини давом эттиришга онт ичаркан, «Биз уруш режалаштирган воқеалар асносидаги қаршилик ҳаракатимизни ўзгартирмаймиз», деди.

Янги раҳбар илк телевизион нутқида Ливандаги қаршилик ҳаракати Исроил режимига қарши курашда собит қолишини таъкидлади.

АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин В-52Н стратегик бомбардимончи самолётлари ва бир нечта ҳарбий кемаларни Яқин Шарққа жўнатишни буюрган. Бунга сабаб АҚШнинг УСС Абраҳам Линколн авиаташувчиси ва унга ҳамроҳлик қилувчи учта кеманинг минтақани тарк этиши сабаб бўлган. Исроилда Ғазо уруши бошланганидан буён биринчи марта бундай ҳолат кузатилиши. Аммо бу вақтинчалик бўлиб яқин орада бошқа турдаги авиаташувчи Ўрта ер денгизига етиб келади.

Яҳудий давлати Ғазо ва Ливанга ҳужумларини тиндирмаяпти. Қурбонлар сони ошиб бормоқда. Энди эса Исроил Эрон зарбаларига тайёргарлик кўраётгани айтиляпти. Ҳужум кўлами 1 октябрдагидан-да кучли бўлиши кутилмоқда. Аввалроқ CНН нашри ракеталар АҚШ сайловлари олдидан йўлланишини ёзган эди.

Шундай бўлишига қарамасдан минтақада кескинлик билан бирга тинчлик келишувлари ҳам давом этмоқда. Исроилнинг давлатга қарашли “Кан” телерадиокомпанияси Ливан билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув лойиҳасини эълон қилди. Ҳужжатда 1701-резолюцияга биноан, мамлакат жануби фақат Ливан қуролли кучлари ва БМТ тинчликпарвар миссияси томонидан назорат қилиниши таъкидланган.

Исроил ўт очиш тўхтагандан кейин етти кун ичида қўшинини тўлиқ олиб чиқиб кетади.

Битим имзоланган пайтдан бошлаб Исроил армияси ва Ливаннинг шиа ҳаракати “Ҳизбуллоҳ” томонидан ўт очишни тўхтатиш тўлиқ таъминланиши керак. Ярашув муддати 60 кунни ўз ичига олади. Бу даврда Ливан армияси ва БМТ вақтинча кучлари Литани дарёси жанубида “Ҳизбуллоҳ”ни тўлиқ қуролсизлантириши ва гуруҳ инфратузилмаси бузиб ташланишини таъминлаши лозим. Шунингдек, ҳудудда ҳеч қандай бошқа қуролли гуруҳлар ҳам бўлмаслиги кафолатланиши лозим.

Исроил ўз мудофаа армияси бўлинмаларини бир ҳафтада Ливан жанубидан олиб чиқиб кетади. Жараён АҚШ ва яна бир неча мамлакат назорати остида кечади.

Ўт очиш тўхтагач, Ливан армияси қуруқлик, ҳаво ва денгиздаги барча чегара ҳудудларига жойлаштирилади. Таъкидланишича, БМТ Хавфсизлик кенгаши 2006 йил қабул қилган 1701-резолюцияга асосан ҳамда турли гуруҳлар қайта қуролланишига йўл қўймаслик мақсадида, Ливан ҳукумати мамлакатга олиб кирилаётган ёки маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилаётган ҳар қандай қуролни назорат қилиши шарт.

Ҳужжатнинг ушбу бандини амалга ошириш учун ҳукумат мамлакат хавфсизлик кучларига зарур ваколатни беради.

Икки ой давомида Исроил ва Ливан БМТ резолюциясини тўлиқ бажариш ва чегара баҳсини ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри эмас, балки АҚШ орқали музокара олиб боради. Шунингдек, урушни тўхтатишга риоя қилишни таъминлаш учун янги Халқаро мониторинг механизми яратилади.

Исроил ва Ливан зарурат туғилганда ўзини ўзи мудофаа қилиш чорасини кўришга ҳақли. Яна бир алоҳида бандга кўра, агар Ливан ҳукумати ўз ҳудудида хавфни бартараф қила олмаса, жумладан оғир қурол, ракета ва бошқа замонавий аслаҳаларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва ташишга тўсиқ қўя олмаса, Исроил бундай таҳдиддан ҳимояланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Мазкур ҳужжат лоҳиҳаси аллақачон Исроил сиёсий идораларига тақдим этилган.

Ғазодаги келишуви бўйича эса ҲАМАС расмийси гуруҳ доимий ўт очишни тўхтатиш ва Исроилнинг Ғазодан тўлиқ чиқиб кетишига олиб келмайдиган келишувни рад этишини айтди ва ҳозирда муҳокама қилинаётган таклиф қабул қилиниши мумкин эмаслигини маълум қилган. Айни пайтда Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири CНН телеканалига берган интервюсида Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш истиқболи фаластинликларга мустақил давлат берилмасдан туриб, бирор нарсага эришиш қийинлигини билдирган.

ҲАМАС томонидан 2023 йил 7октябр куни Исроил ҳудудидаги ҳужум пайтида қўлга олинган 251 асирдан 97 нафари Ғазода сақланмоқда, жумладан, Исроил ҳарбийлари уларнинг 34 нафари ҳалок бўлганини даъво қилмоқда. Ўтган йилнинг ноябр ойида бир ҳафта давом этган сулҳ давомида 100 дан ортиқ асир озод этилган. Ушбу ҳафта Ғазода ҳалок бўлганлар сони 43 минг нафардан ошиб кетди.

Россияга КХДР ёрдами

Россия-Украина қарама-қаршилиги давом этар экан, рус кучлари ҳафта давомида Украинанинг бир нечта қишлоқларини эгаллаб олди. Шунингдек, Москва қиш олдидан душман шаҳарларини электрсиз қолдириш учун электр станцияларига зарба бераётгани маълум. Украина Бош штаби маълумотларига кўра, октябр ойида Россия томонидан 2023 та дрон учирилган, шундан 1185 таси Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган. Умуман олганда, Россиянинг Украинага ҳужумларида 2024 йилнинг бошидан буён 6987 та дрондан фойдаланилган.

Шунингдек, ҳафта давомида Шимолий Корея аскарларининг Украинада урушаётгани мавзу маркази бўлди.

Вашингтон ва Сеул Россия ҳамда КХДР ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорликка биргаликда қандай муносабатда бўлишга келишиб олди, бироқ мумкин бўлган чоралар очиқ эълон қилмади.

«Келишувга Вашингтонда Қўшма Штатлар ва Корея Республикаси ташқи сиёсат ва ҳарбий соҳа раҳбарлари иштирокида “2+2” форматидаги музокаралар якунлари бўйича эришилди», дейилади АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати томонидан эълон қилинган қўшма баёнотда айтилади.

Шимолий Корея 11 минг нафар аскарини Россияга юборган уларнинг бир қисми Курскдаги жангларда қатнашаётгани маълум. Бу борада Кремл турли баёнотлар бераётган вақтда Владимир Путин биринчи марта изоҳ берди. Ундан Пхенян аскарлари тасвирланган сунъий йўлдош тасвирлари акс этган сурат ҳақида сўралганда “Суратлар – бу жиддий нарса. Агар ундай бўлса, улар ниманидир акс эттиради”,- деган Россия раҳбари.

“Сизга маълумки, бугун бизнинг стратегик шериклик ҳақидаги шартномамиз ратификация қилинди ва унинг 4-моддаси мавжуд. Биз ҳеч қачон Шимолий Корея раҳбарияти келишувларга жиддий муносабатда эканлигига шубҳа қилмаганмиз. Бу 4-модда доирасидаги бизнинг ишимиз”, – дея қўшимча қилган у.

Жанубий Корея ва Япония Шимолнинг ушбу ҳаракатларини глобал хавфсизликка таҳдид деб атаган. Президент Юн Сок Ёл ва бошқа юқори мартабали расмийлар Пхеняннинг тўғридан-тўғри Украина можаросига аралашувини мамлакат хавфсизлигига таҳдид сифатида кўрмоқда. Чунки шимолий кореялик ҳарбийлар Украинада қимматли жанговар тажриба олади.

Шунингдек, Сеул Москва Пхенянга ёрдам учун мураккаб ва замонавий ҳарбий технологияларни бериши мумкинлигидан хавотирда.

Ғарб билан зиддият кучайиб бораётган бир пайтда, Россия жиддий қадам ташлай бошлади. Мамлакат мудофаа вазири Андрей Белоусов таъкидлашича, амалиёт “стратегик ҳужум воситалари душманнинг ядровий зарбасига кучли жавоб бериш”ни машқ қилиш мақсадини кўзлаган.

Бошқача айтганда, Россия ядровий зарбасига жавобан, ўт ўчириш ракетаси учиришдан иборат кенг қамровли машғулот бошлади.

Давлат раҳбари Владимир Путин шу тўғридаги қарор заруратини янги ташқи таҳдид ва хатарлар пайдо бўлиши билан боғлаб, “замонавий ва фойдаланишга доим тайёр стратегик кучга эга бўлиш муҳимлиги”ни қўшимча қилди.

Ҳарбийлар, шунингдек, ядровий қувватга эга Ту-95 стратегик тўпчи самолётдан узоқ масофага мўлжалланган ва қанотли ракеталар учириш амалиётини ҳам синовдан ўтказди.

РФ етакчиси Москва ўз ядровий кучини модернизация қилишда давом этиб, янги юқори аниқликдаги, тез учадиган ва ракетага қарши мудофаа тизимини енгиш қобилиятига эга ракеталар ишлаб чиқишини билдирди.

Бу воқеалар “Агар Ғарб Украинага ўзи етказиб берган узоқ масофага учадиган қурол билан РФ ҳудудига зарба беришга рухсат берса, Москва жавоб қайтаради”, деган фикр акс-садо бераётган бир пайтда содир бўлмоқда.

Шунингдек, Шимолий Корея ўз тарихидаги энг йирик қитъалараро баллистик ракетасини учирди. Ким Чен Ин ракета учирилишини минтақада кескинлик кучаяётган бир пайтда мамлакат хавфсизлигига таҳдид солувчи душманлар учун огоҳлантириш деди. Синовда шахсан Ким Чен Иннинг ўзи ҳам иштирок этган.

“Синов ўтказиш — бу охирги пайтларда минтақадаги вазиятни атайлаб кескинлаштирган ва республикамиз хавфсизлигига таҳдид солаётган душманларни жавоб бериш иродамиз ҳақида хабардор қилиш мақсадига тўлиқ жавоб берадиган мақсадга мувофиқ ҳарбий ҳаракатдир”, — деди у.

Шимолий Корея қуролли кучлари томонидан бир кун аввал учирилган баллистик ракета барча синовлар ичида энг узоқ масофага учгани ҳақида хабар берилди. Қайд этилишича, унинг парвоз давомийлиги 1 соат 26 дақиқани ташкил қилган. Ракета Япон денгизи томон учирилган ва у Хоккайдо ороли яқинидаги сувларига қулаган.

Зеленский КХДРнинг баллистик ракета синови ҳақида фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, Ғарб бунга ҳеч қандай жиддий муносабат билдирмаган.

«Агар бизда шундай имконият бўлганида, олдиндан зарба беришимиз мумкин эди.  Америка кузатяпти, Британия кузатяпти, Германия кузатяпти. Ҳамма Шимолий Корея ҳарбийлари украиналикларга зарба беришни бошлашини кутмоқда», — деди Украина президенти.

АҚШ сайловлари

Дунё келаётган ҳафтада АҚШда бўладиган Оқ уй учун сайловларни кузатмоқда. Қўшма Штатларда аллақачон 51 миллиондан ортиқ одам овоз бериб бўлган.

«The Hill» нашри ёзишича, миллионлаб фуқаро 60-президентлик сайловига тайёргарлик жараёнида почта орқали ва сайлов участкаларида овоз бермоқда.

Флорида университети сайлов лабораторияси маълумотига кўра, муддатидан олдин сайловда қатнашиш рухсат этилган штатларда 24 миллиондан кўп одам почта орқали ўз танловини билдирган, 27 миллионга яқин киши эса шахсан овоз берган.

Бу рақам 2020 йилдаги 154 миллионлик кўрсаткичнинг қарийб учдан бир қисмидир. Ўшанда фуқаролар Ковид-19 пандемияси туфайли почта орқали оммавий равишда овоз берган.

Мичиган, Пенцилвания ва Шимолий Каролина каби муҳим штатлар аллақачон 1,44 миллиондан зиёд барвақт овозни қайд этган. Бу сайлов олдидан Демократ ва Республикачи номзодлар учун муҳим аҳамиятга эга.

Эслатиб ўтамиз, АҚШда муддатидан олдин овоз бериш сайлов кунига қадар давом этади ва почта орқали ёки сайлов участкаларида расмийлаштирилган бюллетенлар 5 ноябр куни берилган овозлар билан бирга сайлов участкалари ёпилгандан кейин санаб чиқилади.

2020 йил мамлакат президенти сайловида рекорд даражадаги 66,6 фоиз сайловчи иштирок этиб, 159 миллионга яқин одам овоз берган эди.

Сардор Поёнов, Искандар Исматов, Нишонбой Абдувоитов, ЎзА