Жума куни ҳиндларнинг ёруғлик фестивали – Дивали иштирокчилари хавфсизлик қоидасига умуман риоя қилмадлар. Натижада пиротехника омборида портлаш юз бериб, Нью-Деҳли дунёнинг энг ифлос шаҳарлари рўйхатида биринчи ўринга чиқди.

«Reuters» агентлиги хабар берганидек, ушбу ҳодиса туфайли ҳаво сифати хавфли даражага кўтарилди.

Маҳаллий ҳокимият идоралари сўнгги бир неча йил давомида Олий суд кўрсатмасига мувофиқ, Дивали ва қиш пайтида петардадан фойдаланишни тақиқлаган. Афсуски, қамоқ жазоси таҳдидига қарамай, чора натижа бермаяпти. Баъзи гуруҳлар тақиқ фестивалга халақит беряпти, дея таъкидламоқда. Табиийки, Деҳли ҳукумати бу қарор одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун қабул қилинганини таъкидлайди.

Жума кунги тутун Ҳиндистон шимолидаги фермаларда чиқинди ёқилиши билан бир вақтга тўғри келди. Ҳар йили қиш бошланишида ҳаво сифати шу тарзда ёмонлашади, чунки совуқ, оғир ҳаво турли манбалардаги ифлослантирувчи моддаларни ушлаб туради.