Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон-Франция иқтисодий палатаси бошчилигида француз компаниялари билан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари бўйича Ишчи сессия ўтказилди.
Жорий йил апрель ойида мамлакатимизда очилган ушбу тузилма ташаббуси Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг 2023 йил ноябрь ойида мамлакатимизга ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари томонидан билдирилган эди. Мазкур палата айни пайт 60 дан ортиқ француз компанияси ва тадбиркорлари ҳамда уларнинг ўзбекистонлик ҳамкорларини бирлаштирган.
Сессиядан кўзланган асосий мақсад қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва тезкор ҳал этиш, Франция компанияларининг юртимиздаги инвестиция фаолиятни янада енгиллаштиришга кўмаклашишдир. Анжуман шериклик кўламини кенгайтириш бўйича фикр ва тажриба алмашиш учун ҳам қулай майдон бўлиб, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга хизмат қилади.
Сессия ишида Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Дилшод Расулов, Ўзбекистон-Франция Иқтисодий палатаси президенти Жоанна Голас, шунингдек Иқтисодиёт ва молия, Транспорт вазирликлари, «Ўзсувтаъминот» АЖ ҳамда IT Park мутахассислари, 14 нафар француз корхоналари вакиллари иштирок этди.
Очиқ мулоқотга асосланган учрашув давомида масъуллар томонидан инвесторларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтарилди. Савдо-сотиқни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммо ва омилларни аниқлаш ва тезкорлик билан бартараф этиш бўйича ишларни фаоллаштириш зарурлиги маъқулланди.
Тадбир якунида таклиф этилаётган ечимлар умумлаштирилган ҳолда, кўриб чиқиш учун ҳукуматга ва тегишли идораларга юборилиши юзасидан келишиб олинди.