ТДТнинг навбатдаги саммити 6 ноябрь куни Бишкекда “Турк дунёсини мустаҳкамлаш: иқтисодий интеграция, барқарор ривожланиш, рақамли келажак ва умумий хавфсизлик” мавзусида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Қирғиз Республикаси Президент маъмурияти ташқи сиёсат бўлими мудири Муратбек Азимбоқиев маълум қилди.

Форумда ТДТга аъзо мамлакатлар етакчилари хавфсизлик ва иқтисодиёт масалаларини муҳокама қилади ва ташкилотнинг жорий кун тартибидаги долзарб муаммолари бўйича қарорлар қабул қилади, шунингдек, бир қатор ҳужжатларни, жумладан, якуний декларацияни имзолайдилар.

Маълумот ўрнида: 2025 йилда Туркий давлатлар ташкилотига раислик Қирғиз Республикасига ўтади.

Ўлканинг ТДТга бўлажак раислиги даврида иштирокчи давлатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, иқтисодий ўсиш учун янги имкониятлар яратиш ва минтақада турмуш даражасини оширишга қаратилган қатор тадбирлар режалаштирилган.

Саммитда ташкилотга аъзо 5 та давлат – Туркия, Озарбайжон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон раҳбарлари ҳамда кузатувчи давлатлар етакчилари иштирок этади.

Ў.Алимов, ЎзА