Шимолий Корея янги “Hwasong-19” қитъалараро баллистик ракетаси (ICBM) муваффақиятли синовдан ўтказилганини маълум қилди ва Ким Чен Ин мамлакат ядровий қурол воситалари ишлаб чиқариш бўйича “ортга қайтмас” мақомга эга бўлганини тасдиқлади.
Корея марказий ахборот агентлиги (KCNA) маълумотига кўра, КХДР Ким Чен Ин раҳбарлигида “муҳим” ракета синовини ўтказди ва бу мамлакат Қуролли кучлари “мутлақ устунлигини абадийлаштириш” жараёнининг асосий босқичларини белгилаб берди.
– Ракета 7687,5 км баландликкача кўтарилди, 1001,2 км масофани 5156 сония – 1 соат 43 дақиқада босиб ўтди, – дейилган хабарда. – Шундан сўнг Корея денгизи очиқ сув ҳудудида белгиланган жойга тушди. Синови қўшни давлатлар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмади.
Шимолий Корея “ICBM”ни “ўта кучли ҳужум воситаси” ва узоқ масофага уча оладиган тўпламнинг “охирги” тури, дея таърифлади. ОАВ чоп этган суратларда ракета 11 ўқли ташувчи қурилмадан отилгани акс этган.
Япония Вазирлар Маҳкамаси Бош котиби Ёсимаса Хаяши воқеага қуйидагича муносабат билдирган:
– КХДР учирган қитъалараро баллистик ракетанинг йўналиш масофаси оддий траектория бўйлаб ва жанговар каллак оғирлигига қараб учирилганда 15 минг километрдан ошиб кетиши мумкин.
Ў.Алимов, ЎзА