Бир ҳафта мобайнида Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида гандбол бўйича эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида Ўзбекистон чемпионатининг 3-давра баҳслари бўлиб ўтди.

Аёллар биринчилигининг сўнгги кунида Олмалиқнинг ОКМК ва Хоразм вилояти жамоаларининг қарама-қаршилиги том маънода марказий учрашувга айланди.

Шиддатли кечган баҳсда хоразмлик маҳоратли мураббий Мансурбек Бобожоновнинг шогирдлари ғалабага бўлган иродасини намойиш этиб, ўз тарихида илк бор рақибаларини 37:33 ҳисобида мағлубиятга учратишга муваффақ бўлди.

Айтиш лозим, ОКМК жамоаси шу пайтгача ҳар қандай мусобақада ҳам хоразмликларни мағлубиятга учратиб келаётган эди. Ниҳоят, воҳалик қизлар бу анъанага чек қўйди.

Аёллар биринчилиги 3-давра якуни бўйича 1-ўрин ОКМК (10 очко), 2-ўрин Тошкент ш. (10 очко), 3-ўрин Хоразм (10 очко), 4-ўрин Самарқанд (4 очко), 5-ўрин Қорақалпоғистон (4 очко), 6-ўрин Наманган (2 очко) ва 7-ўрин Ўзбекистон ёшлар т.ж.-2004 (0 очко)га насиб қилди.

Эркаклар биринчилиги 3-давра якунига кўра Хоразм 16, ОКМК 14, Тошкент шаҳри 10, Қорақалпоғистон 10, Фарғона 10, Сурхондарё 6, БухДУ (Бухоро) 6, Ўзбекистон ёшлар т.ж.-2004 2, ЎзДЖТСУ (Тошкент в.) 0, Сирдарё 0, РОПСТТМ (Тошкент) 0 очколарини қўлга киритди.

Чемпионатнинг охирги давра олдидан эркаклар ва аёллар биринчиликларида мос равишда ОКМК, Тошкент шаҳри ва Хоразм вилояти жамоалари совринли ўринларга даъвогарлик қилмоқда.

Ҳал қилувчи давра беллашувлари жорий йилнинг 8-15 ноябрь кунлари Наманган вилоятида ташкил этилади.

Т.Рўзиев, ЎзА