Грузия Президенти Саломе Зурабишвили 2024 йилги парламент сайловида кузатилган сохталаштириш ҳолатига доир даъво юзасидан Тбилисидаги прокуратурага чақирилди. Мамлакат етакчиси эса тергов идорасига бормоқчи эмас. Бу ҳақда “Georgia Today” нашри маълум қилган.
– Мен прокуратурага ўз иши билан шуғулланишни, президент билан сиёсий ҳисоб-китоб қилишдан тийилишни маслаҳат берган бўлардим, – дея воқеага муносабат билдирди Зурабишвили. – Ҳар ким ўз вазифасини бажариши керак. Мен давлат раҳбари сифатида фаолиятимни давом эттираман, прокуратурага бориш ниятим йўқ.
Мамлакат прокуратураси 30 октябрь куни Марказий сайлов комиссияси шикоятидан сўнг, тегишли айблов бўйича тергов бошлаган.
– Саломе Зурабишвили сайловда иштирок этаётган айрим сиёсий партиялар вакиллари билан бирга МСКга асоссиз айб қўймоқда ва институт обрўсига путур етказишга уринмоқда, – дея баёнот билан чиқди асосий сайлов идораси.
Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ушбу зиддиятга қуйидагича муносабат билдирган:
– Грузиянинг ишончли вакили сайлов натижасини тан олишдан бош тортди ва давлат тўнтаришига чақириб, конституцияга қарши чиқди. Бундай ҳолатда ишдан бўшатиш ва ҳибсга олиш одатий ҳол.
Ў.Алимов, ЎзА