Бразилиянинг Флорианополис шаҳрида 18 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида ўтаётган жаҳон чемпионатининг ортда қолган иккинчи кунги баҳсларида ҳамюртимиз Афрўза Ҳамдамова ғалабага эришди.
Жаҳон чемпионатининг 16 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги 2-турида Афруза Ҳамдамова қора доналарда Словакия терма жамоаси аъзоси Новомеска Карин билан куч синашди. Шиддатли кечган учрашувнинг 37-юриш ҳолатида ҳамюртимиз рақибини таслим этди. Ушбу ғалаба туфайли Ҳамдамова очколари сонини 2 тага етказиб олди ва ўз ёш гуруҳида етакчилардан бири эканлигини яна бир карра амалда исботлади.
Айтиш лозим, 16 ёшгача бўлган қизлар мусобақасида 65 нафар шахматчи иштирок этаётган бўлса, уларнинг 12 нафари 2, 9 нафари 1,5 ва 26 нафари 1 очкога эга бўлиб турибди. 14 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасидаги мусобақада иштирок этаётган шахматчимиз Жавоҳир Бозоров 2-турда қора доналарда латвиялик Рейнис Валдатисга рўбарў келди. Афсуски, ёш шахматчимизга мазкур ўйинда омад кулиб боқмади. 14 ёшгача бўлган қизлар мусобақасида қатнашаётган Нилуфархон Имомқўзиева оқ доналарда мексикалик Теллес Фукусима билан муроса йўлини танлаши ортидан 1,5 очколи бўлишга эришди.
Чемпионатнинг 3-турида Афрўза Ҳамдамова оқ доналарда мексикалик Гваделупе Мантано Висенте, Жавоҳир Бозоров ҳам оқ доналарда Жанубий Африка вакили Калеб Дейсел, Нилуфар Имомқўзиева эса қора доналарда канадалик Анаис Хлоя Фисел билан қарама-қарши келади.
Эслатиб ўтамиз, 11-турдан иборат жаҳон чемпионати мусобақалари 10 ноябрга қадар давом этади. Мусобақаларда 62 та давлатнинг 527 нафар шахматчиси қатнашмоқда.
Т.Рўзиев. ЎзА