Ўзбекистон велосипед спорти федерациясининг 2028 йилги ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик дастури юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида хорижлик тажрибали мураббийлар мамлакат миллий терма жамоасида иш бошлагани эълон қилинди.

Анжуман давомида федерациянинг сўнгги йиллардаги фаолияти таҳлил қилиниб, олдинда турган йирик комплекс мусобақаларга тайёргарлик дастури кўриб чиқилди.

Жорий йил велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси «Париж-2024» ёзги Олимпия ўйинлари учун 4 та йўлланмага сазовор бўлди. Аммо бу, кўзланган натижаларга эришилганини эмас, балки келажак режаларни амалга ошириш учун катта имтиҳон вазифасини ўтагани таъкидланди.

Журналистларнинг саволларига жавоб бериш асносида федерация мутасаддилари ёшлар ўртасидаги «Тошкент-2025» Осиё ўйинлари, «Аичи-Нагоя-2026» ёзги Осиё ва «Лос-Анжелес-2028» ёзги Олимпия ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш дастури билан йиғилганларни таништирди.

Дастурга мувофиқ, хорижлик мураббийлар Жузеппе Тони (Италия), Ёхан Домбруш (Германия), Володимир Старчик (Украина) терма жамоамизга жалб этилгани билдирилди.

Т.Рўзиев, ЎзА