Айни кунларда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида “PowerExpo-2024” 22-халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Унда 500 га яқин компания энергетика, электротехника ва қайта тикланувчи энергия манбаларига доир маҳсулотларини тақдим этяпти.
Аҳамиятлиси, кўргазмада илк бор “Made in Uzbekistan” бренди остида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси тизимидаги 15 дан ортиқ корхона ўзининг 200 га яқин миллий маҳсулотини намойиш этиб, кўплаб ҳамкорлик келишувларига эришмоқда. Бу миллий брендларимизни халқаро бозорларда танитиш, экспортни кенгайтириш ва қўшни мамлакатларда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишга ҳисса қўшади.
Уюшма ахборот хизмати маълумотига кўра, жорий йилнинг 9 ойида электротехника саноати экспорти 880 миллион долларни ташкил этган бўлиб, 600 дан ортиқ маҳсулот дунёнинг 72 мамлакатига экспорт қилинди. Шу жумладан, Қозоғистон Республикасига йил якунигача 200 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг электротехника маҳсулотлари Қозоғистондаги “Sulpak”, “Technodom”, “Demart”, “Halyk Market” ва “TEEZ” каби савдо ҳамда интернет дўконлари орқали сотилмоқда.
Шунингдек, кўргазма доирасида B2B форматдаги учрашувлар ва тақдимотлар ҳам ташкил этиляпти.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА